Россиянинг марҳум президенти Борис Ельциннинг куёви Валентин Юмашев Россия президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси лавозимини тарк этди, у мазкур лавозимда 22 йил ишлаган. Бу ҳақда Reuters икки манбага таяниб хабар берди.
Агентлик Юмашевнинг ўзидан ва Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан изоҳ ола олмади.
Ельцин маркази ижрочи директорининг ўринбосари Людмила Телен «РИА Новости»га маълум қилишича, Юмашев апрель ойида ўз ташаббуси билан лавозимини тарк этган.
«Юмашев апрель ойидан бери президент маслаҳатчиси эмас... У ихтиёрий асосда президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаганди. Апрель ойида у ўз хоҳишига кўра бу лавозимни тарк этган», — дейди Телен.
1997—1998 йилларда Юмашев Россия президенти Борис Ельцин маъмуриятининг раҳбари лавозимида ишлаган. У Ельциннинг қизи Татяна билан турмуш қурган.
Юмашев Путиннинг ихтиёрий асосда маслаҳатчиси экани ҳақида 2018 йилда маълум бўлганди. Ўшанда Песков Юмашев бу лавозимда 18 йилдан бери ишлаб келаётганини айтганди.
Аввалроқ Россиянинг БМТ қошидаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси Борис Бондарев Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик белгиси сифатида истеъфога чиққанди. Бондарев қарийб 20 йил дипломат бўлиб ишлаган эди.
Изоҳ (0)