Александр Лукашенко Украинадаги «махсус операция»да иштирок этган Беларусь КГБ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) зобитларига давлат мукофотларини топширди, деб хабар бермоқда «Белта».
«Иш графигида навбатдаги тадбир — у ‘ўта махфий’ деб таснифланган. Президент бугун Украина ҳудудидаги махсус операциясида иштирок этган КГБ ходимларини тақдирлади», — деб ёзади президентга яқин «Первого пул» Telegram-канали.
Хабарда Украинадаги қайси «махсус операция» ҳақида гап кетаётгани айтилмаган – Россиянинг мамлакатга босқини назарда тутиляптими ёки бу Беларусь махсус хизматларининг мустақил операциясими, номаълум.
Батафсил тафсилотларни 31 май оқшомида «ОНТ» каналидаги «Уйга йўллар» фильмида намойиш этиш ваъда қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб давлатлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлагани учун Беларусга қарши санкциялар киритганди. Лукашенко Беларусь ҳарбийлари Россиянинг «махсус операциясида» қатнашмаганини таъкидлаган.
Апрель ойи бошида эса Беларусь президенти махсус хизматлар Украинада қўлга олинган беларусликларни озод қилиш бўйича махсус операция ўтказганини айтганди.
Изоҳ (0)