Қурилиш вазири ўринбосари Шукрулло Жаҳонгиров 24 май куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида янги қурилаётган турар жой биноларининг ярим ертўла қаватларида қандай ҳолларда яшаш хоналарини жойлаштириш бўйича тушунтириш берди, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Унинг айтишича, кўп қаватли уй-жойларнинг ярим ер тўлаларида яшаш жойларини ташкил қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш бўйича бир қатор талаблар белгиланган.
«Булар, албатта, хорижий амалиёт, давлат стандарти ва санитария нормалари асосида ишлаб чиқилган», — дейди қурилиш вазири ўринбосари.
Шукрулло Жаҳонгировнинг таъкидлашича, янги қурилаётган турар жой биноларининг ярим ертўла қаватларида қуйидаги ҳолларда яшаш хоналарини жойлаштиришга йўл қўйилади:
- ерости сувлари ер сатҳидан 3 метрдан пастда бўлганда;
- ярим ертўла (сокол)нинг камида учдан-бир қисми ер устида бўлганда;
- хоналарини полдан шифтгача баландлиги 2,4 м дан кам бўлмаганда;
- муҳандислик тизимлар яшаш хоналарини инобатга олган ҳолда жойлаштирилганда;
- ташқи деворлари ва полларида иссиқлик ҳимояси таъминланганда;
- 0331-16-сон Санитария нормалари талаблари бажарилганда;
- хоналаридан тўғридан-тўғри ташқарига чиқувчи деразалар бўлганда;
- табиий ёруғлик ва инсоляция даражаси 2 соатдан кам бўлмаганда;
- ҳавонинг яхши айланиши таъминланганда;
- яшаш хонадонларидан эвакуация талаблари бажарилганда;
- таом тайёрлаш учун электр плиталардан фойдаланилганда.
Изоҳ (0)