Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақаси коронавирус инфекциясига чалиниш оқибатларидан вафот этганлар сони бўйича 2 миллионлик маррадан ўтди, деб ёзади «Интерфакс».
Ташкилотнинг Европа минтақаси 53 та мамлакатни ўз ичига олиб, Атлантика океанидан Тинч океанигача бўлган катта ҳудудни қамраб олади. У ерда коронавирус билан касалланиш бўйича жами 218 миллионта ҳолат қайд этилган.
Март ойининг биринчи ярмида Европада бир авж олган коронавирус пандемияси аста-секин пасайишни бошлади. Сўнгги бир ҳафтада касалланганлар ва вафот этганлар сони тегишли равишда 26 ва 24 фоизга қисқарган.
Аксарият Европа мамлакатлари санитария чекловларини бекор қилмоқда. Хусусан, Франция 16 майдан жамоат транспортида ниқоб тақишдан воз кечади.
Айни пайтда АҚШда пандемия бошидан буён коронавирусдан вафот этганлар сони бир миллион кишидан ошди. Президент Жо Байден уларнинг хотирасига бутун мамлакат бўйлаб байроқлар туширилишини эълон қилди.
Ушбу баёнотдан кейин бир неча соат ўтиб, Байден АҚШда COVID-19 билан боғлиқ вазият юзасидан иккинчи саммитни чақирди. Бундан сал аввалроқ Оқ уй Конгрессдан коронавирусга қарши курашда қўшимча ёрдам сифатида 22,5 миллион доллар сўраган эди.
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, коронавирусдан вафот этган америкаликларнинг аниқ сони 12 май ҳолатига 997 481 кишини ташкил этади. Қайд этилишича, сўнгги бир ой ичида мамлакатда касалланиш даражаси ортиб бормоқда: 1 апрелда 27 минг киши касалланган бўлса, 11 майда уларнинг сони 84 мингни ташкил қилган.
ЖССТ маълумотларига кўра, 13 май ҳолатига бутун дунёда касалланиш ҳолатлари сони 519 миллион, қурбонлар сони эса 6,26 миллион кишидан ошган.
Изоҳ (0)