Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШ фуқароси, хусусий ҳарбий компания ходими, 22 ёшли Уилл Жозеф Кенсел Украинадаги урушда Украина армияси сафида жанг қилаётганда ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг оиласи вакиллари CNN телеканалига хабар берди.

Уилл Жозеф Кенсел

Уилл Жозеф Кенсел
Фото: CNN

Кенсел 25 апрель куни ҳалок бўлган. Фожиа Украинанинг қайси вилоятида содир бўлгани ҳақида хабар берилмаган. Марҳумнинг онаси Ребекка Кабреранинг сўзларига кўра, ўғлининг ўлими ҳақида унга хабар берган одамлар унинг жасадини топа олишмаганини айтган.

Уилл Жозеф Кенсел — АҚШнинг собиқ денгиз пиёдаси. У Теннесси штатидаги ахлоқ тузатиш муассасасида ишлаган ва Украинадаги урушдан бироз олдин хусусий ҳарбий компанияга ишга ўтган. 12 март куни у Польшага келган, 12—13 март кунлари Украина чегарасини кесиб ўтиб, Украина кучларига қўшилган. Онасининг айтишича, Кенсел турли мамлакатлардан келган одамларни ўз ичига олган бўлинмада жанг қилган.

АҚШ Давлат департаменти бу маълумотдан хабардор экани ва вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди. Давлат департаменти АҚШ фуқаролари Украинага бормаслиги кераклигини таъкидлаб, америкаликларни зудлик билан у ерни тарк этишга чақирди.

Уруш бошида Украина ҳукумати халқаро ҳудудий мудофаа легионини тузган эди, унга бошқа мамлакатлардан кўнгиллилар қўшилиши мумкин. 7 март куни Украина Мудофаа вазирлиги легионда 20 минг киши борлиги ҳақида хабар берган.

28 апрель куни Британия Ташқи ишлар вазирлиги Украинада Британиянинг бир фуқароси ўлдирилгани, яна бири бедарак йўқолгани ҳақида хабар берганди. BBC News марҳум Британия қуролли кучларининг 34 ёшли фахрийси Скотт Сибли эканини хабар қилди. У Украинадаги уруш пайтида ҳалок бўлган биринчи британиялик бўлди.

Апрель ойи бошида Россия ОАВлари Британиянинг икки фуқароси Эйден Эслин ва Шон Пиннер Россия ва Донбасс республикалари ҳарбийлари томонидан асирга олингани ҳақида хабар берган. Уларни Украинада ҳибсда сақланаётган сиёсатчи Виктор Медведчукка алмаштириш таклиф қилинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар