Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
«Биз бошқа давлатлар сингари Украинанинг ҳам ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз ва буни очиқ эълон қиламиз, дарахт орқасига бекинмаймиз. Ҳа, Россия билан яхши муносабатда эканимизни инкор этмаймиз. Халқаро ҳуқуқ тамойиллари ҳеч қандай ҳолатда сиёсий устунлик сабаб бузилмаслиги керак», — дея Алиевнинг баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс».
Агентлик хабарига кўра, Алиевнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёноти Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро фонида янграган. Давлат раҳбарининг фикрича, халқаро ҳамжамият Грузия ва Молдованинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган, аммо Озарбайжонга бундай муносабат кўрсатмаган.
23 апрель куни Украина президенти Владимир Зеленский Илҳом Алиев Украинани қўллаб-қувватлашини,Киев Озарбайжоннинг Россия—Украина ўртасидаги можарога нисбатан нейтрал позициясини тушунишини айтганди. «Биз нейтраллик мувозанатини тушунамиз, чунки уларда уруш чиқиши мумкин. Аммо биз бундан-да кўпроқ нарса кутяпмиз ва узоқ вақт тушуна олмаймиз, чунки бу биз учун оғир бўлади», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдириб, Луганск ва Донецк мустақиллигини тан олмаслигини маълум қилган.
Изоҳ (0)