Россия Ташқи ишлар вазирлиги Эстония, Латвия ва Литванинг Санкт-Петербург ва Псковдаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятига берилган рухсатномани қайтариб олди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Ушбу уч давлатнинг Санкт-Петербургдаги бош консулхоналари, шунингдек, Псковдаги Латвия консулхонаси ва Эстониянинг бош консулхона канцелярияси ишини тўхтатиши керак бўлади.
ТИВ бу қарор Россиянинг Болтиқбўйи мамлакатларидаги ваколатхоналари ёпилиши муносабати билан ўзаро келишув тамойили асосида, шунингдек, «ушбу давлатлар расмийлари томонидан Киев режимига ҳарбий ёрдам кўрсатилиши ҳамда украин миллатчиларининг Донбасс ва Украина тинч аҳолисига қарши жиноятларини яширишини ҳисобга олган ҳолда» қабул қилган.
Ушбу миссияларнинг барча дипломатлари persona non grata, Россия фуқароси бўлмаган техник ходимлари эса «қабул қилинмайдиган шахслар» деб эълон қилинди.
Апрель ойи бошида Болтиқбўйи мамлакатлари Россиянинг Клайпедаги (Литва), Лиепая ва Даугавпилсдаги (Латвия), Нарва ва Тартудаги (Эстония) Россия элчихонасининг консуллик бўлими офисларини ёпганди.
Уруш бошланганидан бери Европа Иттифоқи давлатлари жами бир неча юз нафар россиялик дипломатни чиқариб юборди. Москва бунга худди шундай чоралар билан жавоб беради.
Изоҳ (0)