Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг 2021 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, «Янги Ўзбекистон» университети ташкил этилган. Қарорда мазкур университет учун ер ажратиш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда замонавий ўқув кампуси лойиҳаси ишлаб чиқиш ва қуриш вазифаси белгиланган.

Тақдимотда дастлаб ушбу лойиҳа кўриб чиқилган. Университет учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчаси бўйида 30 гектар ер ажратилган. Мажмуа лойиҳаси Туркиянинг Outdoor Factory компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Унга кўра, бу ерда 5 та факультет учун ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт саройи ва стадион барпо этилади.

Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.

Давлат раҳбари мажмуани сифатли қуриш, ўқув биноларида буюк алломаларимиз сиймоси ва меросини акс эттириш, ёшларнинг ўқиши ва ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган.

Яна бир лойиҳа келгусида давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган. Унга кўра, биноларнинг архитектураси ва тарихий қийматини сақлаб қолган ҳолда ички шароитларини яхшилаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Жаҳондаги машҳур музейлар тажрибаси асосида экспонатларнинг кўримлилигини ошириш, тарихий ашёларни безарар сақлаш, келувчиларга қулайликлар яратиш бўйича ҳамма жиҳатлар инобатга олинган. Бу ишлар натижасида музейларнинг кўргазма майдони кенгайиб, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадорлиги ошади.

Шунингдек, Яшнобод туманидаги «Технопарк» ҳудудида аквапарк барпо этилади. Бунинг учун ҳозирда фойдаланилмай турган бино билан бирга 4,5 гектар ер мўлжалланган. Мажмуа тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этилади. Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, тамаддихона, ўйин майдончалари бўлади.

Тақдимотда шаҳарлараро йўл инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, Поп тумани билан Наманган шаҳри ўртасидаги автомобиль йўлини кенгайтириш лойиҳаси кўриб чиқилган. Президент бу ҳудуднинг рельефини инобатга олиб, йўлни ҳайдовчиларга қулай қилиб қуриш, инсонлар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйиш зарурлигини таъкидлаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар