Россияда йиллик инфляция (2 апрелдан 8 апрелгача) 17,49 фоизгача тезлашди. 1 апрель ҳолатига кўра истеъмол нархлари индекси 16,69 фоизни ташкил этди. 8 апрель куни озиқ-овқат инфляцияси 19,1 фоизга етди. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига таяниб, «Ведомости» хабар бермоқда.
2 апрелдан 8 апрелгача бўлган ҳафта давомида Россияда истеъмол нархлари 0,66 фоизга ошди. Росстат маълумотларига кўра, март ойига нисбатан инфляция секинлашди. Аммо йил бошидан буён истеъмол нархлари индекси 10,8 фоизга етди. Таққослаш учун: 2021 йил апрель ойида инфляция йил бошидан буён 2,72 фоизни ташкил этган эди.
2 апрелдан 8 апрелгача энг кўп маргарин (3,1 фоиз), қора чой (2,2 фоиз), шоколад (2,1 фоиз), печенье (1,9 фоиз), макарон маҳсулотлари (1,8 фоиз) қимматлашган. Товуқ гўшти, қайнатилган колбаса, гречка ва тузнинг нархлари 1,6 фоиздан кўтарилган.
Озиқ-овқат инфляциясининг ўсишига энг катта ҳисса мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари кўтарилишига тўғри келган.
Рубльнинг мустаҳкамланиши фонида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши ҳам секинлашишда давом этган (бир ҳафта олдинги 0,9 фоиздан кейин 0,51 фоизга).
Россия Марказий банкининг прогнозига кўра, 2022 йил охирига келиб Россияда инфляция 20 фоизни ташкил қилади, 2023 йилда эса 8 фоизгача камаяди.
Аввалроқ АҚШда йиллик инфляция 40 йил ичида рекорд 7,9 фоизга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)