Хитой ҳарбийлари АҚШнинг Тайванга юбораётган «нотўғри сигналлари»га жавобан 15 апрель куни Тайван яқинида машғулотлар ўтказади, деб хабар берди «Коммерсантъ» Хитой Мудофаа вазирлигининг баёнотига таяниб. Бу сигналлардан бири сифатида АҚШ конгрессменларининг оролга ташрифи кўрилаётган бўлиши мумкин.
«Бу ҳақиқий иккиюзламачилик ва ишончни сўндириш. Хитой бунга кескин қарши ва аллақачон АҚШга расмий баёнот юборган», — дейилади Мудофаа вазирлигида. Вазирлик маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар Хитойга оролни қўллаб-қувватламасликка ваъда берган бўлса-да, «Тайванлик айирмачиларга жиддий нотўғри сигналлар» юбормоқда.
Хитойнинг ҳарбий машғулотларига ҳарбий кемалар, бомбардимончи ва қирувчи самолётлар, «кўп мақсадли жанговар патрулларни ташкил этиш учун» бошқа кучлар жалб қилинади ҳамда денгиз ва ҳаво ҳудудида манёврлар ўтказилади.
14 апрель куни олти нафар америкалик конгрессменлар гуруҳи эълон қилинмаган ташриф билан Тайванга келган, деб хабар бермоқда Reuters. Шу фонда Оқ уй Тайваннинг Хитой билан ҳарбий йўл орқали бирлашишига йўл қўймаслигини билдирган.
Қўшма Штатлар Тайван (Хитой Республикаси) билан расмий муносабатларга эга эмас, аммо оролни, жумладан, қурол-яроғ етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлайди. Хитой нуқтаи назаридан, Тайван ХХРнинг худди шу номдаги маъмурий бирлиги таркибига киради. АҚШ президенти Жо Байденнинг Тайванни қўллаб-қувватлаши АҚШнинг Хитой билан муносабатларини кескинлаштирди.
Мавзуга доир:
- «Тайван Украинанинг ҳаракатлар тактикасини эътиборга олиши лозим» — АҚШ қўмондонлар штаби қўмитаси раҳбари
- Тайван Мудофаа вазирлиги Хитой ҳарбий ҳаво кучларининг 13 та самолёти оролга юборилганини хабар қилди
- Хитой АҚШни Тайван мустақиллигини рағбатлантириш ҳарбий зиддиятга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди
Изоҳ (0)