Тошкент шаҳри Сергели туманида 13 апрель куни кўп қаватли бино қурилиш майдонидаги кранда ёнғин юзага келганди.
Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, Сергели тумани қурилиш бўлими томонидан 2020 йил 16 июлда кўп қаватли автотураргоҳ, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш ҳамда спорт мажмуаларини юридик ҳужжатга эга бўлган қисмини пастки қаватларида автотураргоҳ, савдо ва маиший ҳамда болалар боғчаси бўлган кўп қаватли турар жой биноларига қайта ихтисослаштириб, реконструкция ишларини амалга ошириш учун Simple Town МЧЖга рухсатнома берилган.
Омбудсманни хабардор қилган ҳолда 2020 йил 6 ноябрда объектда текшириш ишлари ўтказилган. Аммо буюртмачи томонидан Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясини хабардор қилмасдан қурилиш-монтаж ишларини бошлаб юборгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан талаблар белгиланган кунга қадар бартараф этилмагани сабабли 2020 йил 10 декабрдаги Тошкент шаҳар Сергели туман маъмурий судининг 3-1011-2002/5142-сонли қарори қабул қилинган. Яна ҳолат юзасидан инспекциядан қайта кўрсатмалар берилган ҳамда талаблар белгиланган кунга қадар бартараф этилмагани сабабли 2021 йил 28 апрелдаги Тошкент шаҳар Сергели туман маъмурий судининг 3-1011-2103/2385-сонли қарори қабул қилинган.
Қурилиш объекти Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини қурилиш монтаж ишларини бошлашдан олдин хабардор этмагани туфайли бинонинг инструментал ижобий техник хулосаси олиниб, ҳудудий назорат инспекциясидан ўрнатилган тартибда хабардор этиш тартиби орқали 2022 йил 5 мартда рўйхатдан ўтган.
Инспекция томонидан 2022 йил 5 апрель куни қурилиш объектида мониторинг ишлари ўтказилиб, Simple Town МЧЖнинг қурилиш ишлари бўйича масъул ходимларига қурилишда йўл қўйилаётган камчиликлар, ижро ҳужжатлари ўз вақтида юритилмаётгани ҳамда «Қурилишда хавфсизлик техникаси»нинг қурилиш майдонида меҳнат муҳофазаси ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши юзасидан шаффоф қурилиш электрон тизим платформаси орқали кўрсатмалар берилган.
Қурилиш инспекцияси инспектори хабарига кўра, 13 апрель куни соат 19:04 да Simple Town МЧЖга қарашли минора кранининг бошқарув қисми қисман ёнган. Ёнғин соат 19:34 да ўчирилган. Тошкент шаҳар Сергели тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъулларининг сўзларига кўра, ёнғин электр симларида қисқа туташув сабаб келиб чиққан бўлиши мумкин. Ёнғин оқибатида жабрланган ҳамда тан жароҳат олганлар йўқ.
Изоҳ (0)