Киев вилоятидаги Гостомел посёлкасидан ҳудуд Россия қўшинлари назоратида бўлган 35 кун давомида 400 дан ортиқ одам бедарак йўқолган. Бу ҳақда Гостомел ҳарбий бошқармаси бошлиғи Тарас Думенко маълум қилди.
«Гостомелда унчалик кўп жасад топилмаганди, жамоатимиз қишлоқларидан ҳам ўлдирилган аҳолининг жасадлари топилди. Шунингдек, бир неча аҳолимиз Бучадан топилган. Бизда Глебовка аҳолиси Гостомелга келгани ва кейин улар билан алоқа узилгани ҳақида тасдиқланган маълумотлар бор», — деди Думенко.
Унинг сўзларига кўра, гувоҳларнинг сўзларидан, фото ва видеоматериаллардан бедарак йўқолганларнинг бир қисми ҳалок бўлгани маълум, бироқ уларнинг жасади ҳали топилмаган. Ҳарбий маъмурият бошлиғи Гостомелда «босқинчилар ўз изларини эҳтиёткорлик билан беркитишган» деб тахмин қилмоқда.
Ўз навбатида, Бородянка мэри вазифасини бажарувчи Георгий Ерко шаҳарда 200 га яқин одам бедарак йўқолганини айтди. Унинг тахминига кўра, улар Россиянинг авиазарбалари оқибатида вайрон бўлган бинолар остида қолиб ҳалок бўлган. Унинг баёноти The New York Times газетасининг шаҳардан тайёрлаган репортажида келтирган.
29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Россия Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий фаоллик кескин қисқаришини эълон қилганди. 2 апрель куни Украина Мудофаа вазирлиги Россия қўшинлари Киев вилоятини тарк этганини маълум қилди.
Россия қўшинлари олиб чиқилгач, Киев вилояти шаҳарларида, шу жумладан Бучада ҳалок бўлганларнинг жасадлари топилгани ҳақида хабарлар, уларнинг фото ва видеолавҳалари пайдо бўлди. Украина ҳукумати тинч аҳоли россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганини айтди. Буча мэри Анатолий Федорукнинг BBC’га айтишича, рус ҳарбийлари шаҳарда 320 га яқин тинч аҳолини ўлдирган.
Москва Киев вилоятининг аҳоли пунктларида содир этилган қирғинлар ҳақидаги хабарларни «провокация» ва «Киев режимининг томошаси» деб атади.
Изоҳ (0)