Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Қарорга кўра, Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди. Университетда ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Қарор билан тасдиқланган университет Бошқарув кенгаши таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилайди. Университет Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида фаолият юритади.

Таълимнинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш учун университетда Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ташкил этилган. Университетга соҳада 5 йиллик стажга эга ходимлар тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда, тўлов-контракт миқдори кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилади.

Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида 2022/2023-ўқув йилидан «Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси» таълим йўналишида кадрлар тайёрланади.

Қамаши хизмат кўрсатиш техникуми негизида Қамаши ветеринария медицинаси техникуми ташкил этилган. 2022/2023-ўқув йилидан ветеринария ва биотехнология йўналишлари учун «Эл-юрт умиди» жамғармасидан ҳар йили алоҳида квота ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтганди. Йиғилишда Ўзбекистонда ҳокимлар йил охирига қадар чорвачилик йўналишида 100 минг аҳолининг бандлигини таъминлаши бўйича вазифа қўйилган.

Аввалроқ Навоий давлат кончилик институти қайта ташкил этилгани, мазкур ОТМга университет мақоми берилгани тўғрисида хабар қилинганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар