Бухоро ҳокими Ботир Зариповнинг маълумот беришича, вилоятда 153 та тез ёрдам хизмат автомобили мавжуд бўлиб, шу автомобилларнинг 78 таси Damas ҳисобланади. Damas’ларнинг 49 таси эса эскирган ва таъмирталаб аҳволда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувида айтилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
«Биргина тез тиббий ёрдам хизмати тўғрисида тўхталадиган бўлсак, ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Бугунги кунда вилоятда 153 та ‘103’ тез тиббий ёрдам хизмат машинаси мавжуд бўлиб, шуларнинг 78 таси Damas. Damas’ларнинг 49 таси эса эскирган ва таъмирталаб аҳволда. Эндиликда уларни тўлиқ янгилаш чораларини кўрамиз», — деди вилоят раҳбари.
Таъкидланишича, 2016 йилгача вилоятда атиги 51 та тез ёрдам шохобчаси мавжуд бўлган ва бугунга келиб уларнинг сони 112 тага етказилган. Тез тиббий ёрдам бригадалари эса 153 тага кўпайган.
Тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини яхшилаш мақсадида энди Бухорода ҳам Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, «103» хизмати вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Ушбу тизим вилоятда электрон автоматлашган бошқарув асосида амалга оширилади. Вилоят марказидан 230 километр олисда жойлашган Ромитан туманининг ‘Қизилравот’ МФЙ ҳудудидаги халқаро М—380 автомагистрали йўлида 1 та қўшимча тез тиббий ёрдам пости ташкил этилади. Амалга ошириладиган ишлар натижасида тез тиббий ёрдамнинг кечикишлари 10—12 фоиздан 0,5—0,6 фоизгача, чақириқларга етиб бориш вақти эса ўртача 25—30 дақиқадан 8—10 дақиқагача пасаяди.Қўшимча қилинишича, тез тиббий ёрдам тизими ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида реанимацион бригадаларида фаолият кўрсатаётган 87 нафар анестезиолог-реаниматолог ҳамда реаниматолог шифокорнинг ойлик маошига 40 фоиз устама ҳақ тўланиши бошланган.Ботир Зарипов, Бухоро ҳокими