АҚШ совет даврида ишлаб чиқарилган ва ҳозирда Европадаги иттифоқчиларида сақланаётган танкларни Украинага топширишда воситачилик қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден администрациясининг исмини ошкор этмаган вакилига таяниб, The New York Times хабар берди.
Нашр манбасига кўра, танкларни етказиб бериш ишлари тез кунларда бошланади. Бироқ у Украинага ушбу зирҳли техникалар қайси мамлакатлардан ва қанча юборилишини ошкор этмаган.
АҚШ буни президент Владимир Зеленскийнинг илтимосига кўра амалга оширмоқда, чунки аввалроқ Украина етакчиси НАТОга аъзо давлатлардан танк ва ҳарбий самолётлар сўраганди. Зеленский Ғарбни қурол-яроғ етказиб бериш масаласидаги «сансалорлик» ҳаракатини тандиқ қилган.
Бу АҚШнинг, Россия Украинага ҳужум бошлаганида бери, украина қўшинларига танкларни бевосита биринчи марта етказиб бериши ҳисобланади. АҚШ ҳукумати бундан олдин Украинага мудофаа мақсадлари учун мўлжалланган қуролларни топшириб келаётганди.
1 апрель куни АҚШ Мудофаа вазирлиги Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдам учун қўшимча 300 миллион доллар ажратилишини маълум қилди. Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, ёрдам пакетидан лазерли кузатувга эга ракета тизимлари, Switchblade ва Puma дронлари ўрин олади.
Пентагон маълумотларига кўра, Жо Байден АҚШ президенти лавозимига киришганидан буён Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 2,3 миллиард доллар ажратилган, бунинг 1,6 миллиард доллари — Россия Украинага ҳужум бошлаганидан сўнг.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)