Арманистон Туркия билан чегараларни очишга ва дипломатик муносабатларни қайта тиклашга тайёр. Бу ҳақда Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Anadolu ахборот агентлигига маълум қилган.
«Арманистон аҳолисининг асосий қисми Туркия билан муносабатларнинг меъёрлашувини истайди»,— деган Мирзоян туркиялик ҳамкасби Мевлюд Чавушоғлу билан учрашувда.
Арманистон ТИВ раҳбари мамлакатда ўтказилган ижтимоий сўровномаларда ҳам икки давлатнинг яқинлиги тикланишини ёқлаб овоз берилганини қайд этган.
Арманистон вакили арман жамиятида ҳам туркларда ҳам муайян гуруҳлар муносабатларнинг меъёрга келишига қаршилик қилишини билдирган. У икки мамлакатнинг расмий шахслари мазкур масалани ҳал этишда сиёсий ирода намойиш қилиши зарурлигини таъкидлаган.
«Туркия ташқи ишлар вазири Чавушўғлу билан учрашувда биз айрим таъсирчан вазиятлар юзасидан фикр алмашдик ва мен келгусида ушбу жиҳатлар инобатга олинишига умид қиламан»,— дея музокаралар ҳақида гапирган Мирзоян.
2022 йил январь ойида Арманистон ҳамда Туркия махсус вакиллари икки томонлама муносабатларни қайта тиклаш борасида Москвада биринчи учрашувини ўтказган ва бу дўстона алоқалар тикланишининг белгиси бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Арманистон билан ерусти ва ҳаво чегараларини 1993 йилда Тоғли Қорабоғ низоси туфайли ёпганди.
Изоҳ (0)