Польша бош вазир ўринбосари, ҳукмрон «Ҳуқуқ ва адолат» партияси етакчиси Ярослав Качиньский Украинага НАТОнинг тинчликпарвар миссияси ёки «янада кенгроқ таркибни» юбориш кераклигини маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Унинг сўзларига кўра, ушбу миссияс қуролланган ва ҳарбийлар томонидан ҳимояланган бўлиши керак. Качиньский бу каби фикрни Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг билдирган. Улар Польша бош вазири Матеуш Моравески, Чехия бош вазири Петр Фиал ва Словения бош вазири Янез Янша билан Киевда бўлиб турибди.
«НАТОнинг тинчликпарвар кучлари ёки янада кенг кўламли халқаро таркиб керак. Шундай миссия бўлиши керакки, у Украина ҳудудида бўлган вақтида ўзини ҳимоя қила олсин. Бу, албатта, президент ва ҳукумат билан келишган ҳолда мамлакат ҳудудига киради ва у қуролсиз миссия бўлмайди. Ушбу миссия тинчликни, гуманитар ёрдамни таъминлашга мўлжалланган бўлади, аммо тегишли кучлар — қуролли кучлар билан ҳимояланади», — дейди Польша бош вазири ўринбосари. Шунингдек, у Украинага имкон қадар тезроқ Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини бериш тарафдори эканини айтган.
16 март куни НАТОга аъзо давлатларнинг мудофаа идоралари раҳбарлари Украина масаласига бағишланган навбатдан ташқари йиғилишда тўпланади.
Аввалроқ Байден Украинани қурол, пул ва озиқ-овқат билан таъминлашга ваъда бергани, Киевда кучайтирилган комендантлик соати жорий этилгани, Россия кучлари Украинанинг Херсон вилоятини тўлиқ назоратга олгани тўғрисида хабар берилганди.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)