Россия Украинада амалга ошираётган операциялари туфайли Совет давридан кейин биринчи марта узоқ чўзилиши мумкин бўлган кенг қамровли молиявий ва иқтисодий изоляцияда қолиши мумкин, деб ёзади Forbes Russia.
Юзага келган вазиятда Эрон режаси мамалакат учун ёмон чора бўлмаган бўларди. Ислом республикаси анчадан бери санкциялар остида яшаб келмоқда – бу ҳам геосиёсат туфайлидир. Эрон иқтисодиёти бундай тажрибани қандай бошдан ўтказган?
Ядро санкциялари
Эронга қўлланган санкция тарихи 1979 йили бошланган эди – ўшанда ислом революцияси юз бериб, мамлакат эса монархиядан теократик республикага айланди.
Революция ҳодисалари давомида Теҳрондаги АҚШ элчихонасида бир нечта шахс гаровга олинди. Бунга жавобан Вашингтон Эроннинг нефть ва бошқа товарларига эмбарго эълон қилди, 12 млрд долларлик олтин активларини музлатиб қўйди.
Икки йил ўтиб гаровдагилар қўйиб юборилди, активлар озод этилди, эмбарго эса олиб ташланди, бироқ бир неча йил ўтгач, Эрон—Ироқ уруши пайтида АҚШ томонидан эмбарго қайта эълон қилинди.
1995 йил Билл Клинтон ҳукумати Американинг қатор компанияларига Эрон билан савдо алоқаларини олиб боришни ва мамлакатга сармоя киритишни тақиқлади. Шу билан бирга, АҚШ Конгресси Эроннинг энергетика соҳасига йилига 20 млн доллардан зиёд сармоя киритган хорижий компанияларга нисбатан санкцияларни назарда тутувчи актни қабул қилди.
Чоралар секин-асталик билан амалга оширила бошланди: 2006 ва 2010 йилларда БМТ қурол-яроқ экспорти, ядроли материаллар ва ядро саноати ускуналар импортига тақиқ ўрнатди. Янада жиддий санкциялар 2010 ва 2012 йилларда Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан қўлланди – улар нефть ва молия секторларига ўз таъсирини кўрсатди.
Эрон банклари ва жисмоний шахсларга молиявий ташкилотларда ҳисоб рақам очишга чеклов қўйилди, Ғарбдаги Эрон Марказий банки захиралари музлатилди, Эрон банклари SWIFT’дан чиқарилди, Европа эса Американинг нефть эмбаргосига қўшилди.
Инфляция ва девальвация
40 йилдан ортиқ давом этган санкциялар босими ва 10 йилдан ортиқ глобал молиявий-иқтисодий тизимдан деярли тўлиқ яккаланиб қолиш, албатта, Эрон иқтисодиёти учун изсиз ўтиб кета олмади. 2012—2021 йилларда иқтисодиёт емирила бошлади – бу даврда ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиши 0,58 фоизни ташкил этди.
Бундан ташқари, 2016 ва 2017 йиллардаги иқтисодий ўсишни ҳисобга олмаганда (+13,4 ва +3,7%), ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиш суръати салбий томонга ўзгарган бўларди, эҳтимол: -1,4%. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 2012 ва 2020 йилларда қарийб 70 фоизга пасайиб, 2400 долларни ташкил этди, яъни тахминан 20 йил аввалги даражага етди.
Доимий санкциялар босими ва иқтисоднинг қулаши туфайли мамлакат ҳукумати «қаршилик иқтисодиёти» концепция-шиорини шакллантиришдан ўзини тия олмади. Эрон бош раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий «қаршилик иқтисодиёти» ҳақида илк бор 2007 йилда гапирган эди. Ушбу моделнинг асосий таркибий қисмлари импорт ўрнини босиш ва қўшни давлатларга нонефть экспортини ривожлантиришдан иборатдир.
Жаҳон банки 2022 йил бошида таъкидлаганидек, сўнгги икки йил ичида Эрон иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши қисман ишлаб чиқариш секторининг санкцияларга мослашгани билан боғлиқ: у иккиламчи товарлар импортига қўйилган чекловлар туфайли камроқ бозор рақобатига дуч келмоқда, шунингдек, валютанинг қадрсизланиши туфайли нарх-наво рақобатбардошдир.
Баъзи соҳаларда, масалан, автомобиль саноатида изоляция маҳаллий иштикорчиларнинг (Saipa, Khodro) бозорда етакчи бўлишига олиб келди. Иш билан таъминланганларнинг тахминан бешдан бир қисми саноатда банд этилган.
Экспорт оқимлари Хитойга йўналтирилди – бу нонефть экспортининг деярли учдан бир қисмини ва нефть экспортининг бешдан бир қисмини – қўшни Ироқ ва Афғонистонга ташкил этади.
Жаҳон банкининг Эрон бўйича январь ойида тузган ҳисоботида мамлакат иқтисодиёти «паст иқтисодий ўсишга гувоҳ бўлган йўқотилган ўн йилликдан сўнг (2011—2020) босқичма-босқич тикланаётгани» тан олинди.
Яшаб қолиш учун айланма йўллар
Ғарб банклари ва валюта транзакцияларидан соқит қилинган Эрон фуқаролари ва бизнеси валюта ҳисоблари учун айланма йўлларни излашга мажбур.
Шундай йўллардан бири – сармоя эвазига фуқароликни сотиб олиш. Имконияти бор эронликлар Сент-Киц ва Невис, Комор ороллари ёки Антигуа каби мамлакатлардан пасспорт сотиб олишади, ўша ердан ўз компанияларни рўйхатдан ўтказиб, улар учун ҳисоб рақамлар очишади. Антигуанинг ўзида Эронда туғилган фуқаролар 2018 йилда қарийб минг нафарни ташкил қилар эди.
Санкцияларни четлаб ўтиш учун, Эрон ўзининг баъзи савдо шериклари билан бартердан фойдаланади: масалан, ўтган йил охирида Шри-Ланка билан келишув имзоланди, унга кўра орол давлати Эрон нефти учун 250 млн долларлик, асосий истеъмолдаги ва санкция режими остида бўлмаган чойни алмашади.
Теҳрон Эрон нефтини сотиб олишни истаётганлар учун, катта чегирма, деярли бепул етказиб бериш ва юк суғуртасини таклиф қилишга тайёрдир.
Одамлар биржага мурожаат қилишмоқда
Юқори инфляция шароитларида, эронликлар учун фонд бозори жамғармаларни қадрсизланишдан сақлаб қоладиган усуллардан биридир. 2017 йилдан 2021 йилгача маҳаллий валютадаги маҳаллий фонд бозорининг капиталлашуви 15 баравар ошди. 2021 йил якунига кўра, доллар ҳисобида (расмий курс бўйича) у 1,3 трлнга етди.
Теҳрон фонд биржаси 1960 йилларнинг охиридан бери фаолият юритиб келади, у 300 дан ортиқ компаниялар, шу жумладан, Saipa ва Khodro автомобиль ишлаб чиқарувчилари, йирик банклар ва нефть компанияларини ўз ичига олади. 2020 йил охирига келиб, биржада 50 млн эронлик ўз ҳисоб рақамини очган бўлса, 2011 йилда уларнинг сони 4,5 миллионни ташкил этган эди.
2020 йил март ойи ўрталарида Эроннинг TEDPIX фонд индекси 500 000 пунктни ташкил этган бўлса, август ойи бошида у 2 млн пунктдан ошди. Бундай кутилмаган натижа тез орада ўзгарди: сентябрь ойининг бошига келиб, индекс тахминан чорак кўрсатгичга тушди ва ҳозирда тахминан 1,3 миллионни ташкил қилади.
Ҳукумат реал иқтисодиётга фойда келтирадиган профессионал инвестициялар учун асос яратиш ўрнига, бюджет тақчиллигининг бир қисмини қоплашда фақат қисқа муддатли инвестициялардан фойдаланди, деб якунлайди инвестиция менежери Али Хосрошахи Ал-Жазира билан кечган суҳбатда.
Изоҳ (0)