2 март куни Россияда пул ўтказмалари ва валюта олиб чиқиш бўйича янги қоидалар кучга кирди.
Бу Россия президенти Владимир Путиннинг фармонлари асосида амалга оширилди. «Дарё» мазкур ҳужжатлар билан танишиб, ўзбекистонликларга таъсир этиши мумкин бўлган жиҳатларни белгилади.
- биринчидан, Россиядан 10 минг доллардан зиёд бўлган нақд пул кўринишидаги чет эл валютасини олиб чиқиш тақиқланди. Бундан олдин, маблағлар божхона декларациясидан ўтган тақдирда, уларни олиб ўтишга рухсат берилар эди.
- иккинчидан, хориж фуқаролари банк ҳисобини очмасдан туриб, Россиядан бир ойда 5 минг доллардан зиёд пул маблағларини ўтказиши тақиқланади. Авваллари буни пул ўтказмалари тизимлари орқали амалга ошириш мумкин эди.
- учинчидан, Россияда истиқомат қилувчилар Paysera, Payeer, ecoPayz каби тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда, пул ўтказмаларини амалга оширишлари чекланди. Бу фақатгина Россияда яшаш гувоҳномасига эга бўлган («ВНЖ») ўзбекистонликларга тегишлидир.
Аввалроқ Марказий банк рубль қадрсизлангани сабаб зарурий чоралар кўришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.