Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қимматбаҳо металл ўғирлаган ишчилар қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда олмалиқлик Х.Ф «Олмалиқ КМК» АЖнинг бир гуруҳ ишчилари билан жиноий тил бириктиргани аниқланган. У олтин ва кумушни афинажлаш цехининг кийим алмаштириш хонасига қимматбаҳо металл — саноат қумларини яшириб қўйган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушбу ячейканинг пастки қисмида қўлқопда жойлаштирилган умумий оғирлиги 4 килограмм 435 грамм саноат маҳсулоти — шлам процессуал тарзда расмийлаштириб олинган. Лаборатория таҳлили натижаларига кўра, ушбу саноат қумлари таркибида умумий нархи 117,5 миллион сўмлик 160,5 гр қимматбаҳо металлар мавжудлиги аниқланган.
Фуқаро Х.Ф Чирчиқ шаҳрида «Олмалиқ КМК» АЖнинг қўриқлаш хизматига бўлиб ўтаётган қабулга қатнашиш учун келган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)