Россия президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Олаф Шольц телефонда суҳбатлашди. Уларнинг суҳбати бир соат давом этди, дея хабар берган «Коммерсантъ».
Путин Россия ҳамда Украина ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди дам олиш кунларида ўтказилишини ваъда қилди. Шольц Россия давлат раҳбаридан Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ва гуманитар ёрдам учун йўлларни очишни сўраган, дейилади ГФР ҳукуматининг расмий сайтидаги хабарда.
Икки давлат раҳбарлари Украинада содир бўлаётган воқеалар юзасида ўз нуқтаи назарларига асосланиб, фикр алмашган, шунингдек, Россия ҳамда Германия ўртасидаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олган.
Москва ва Киев ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 28 февраль куни Беларуснинг Гомел вилоятида ўтказилган. 3 мартда музокараларнинг 2-раундида томонлар уруш даврида тинч аҳоли эвакуацияси учун гуманитар йўлаклар ташкил қилишни келишиб олган. Украина томони музокараларнинг навбатдаги раунди келаси ҳафта бошида ўтказилиши мумкинлигини билдирган.
Россия—Украина урушига оид тезкор, ишончли янгиликлар ва маълумотларни «Дарё»нинг Live саҳифаси орқали кузатиб боринг → @Daryo_Live
Изоҳ (0)