Россияда Deutsche Welle, BBC, «Америка овози» ва Meduza нашрларининг веб-сайтлари, шунингдек, Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлари айрим фойдаланувчилар учун очилмай қолди. Буни GlobalоbalCheck маълумотлари тасдиқлайди.
Шунингдек, мамлакатда App Store ва Google Play дастурлари блоклангани ҳақида ҳам хабар берилган.
Бундан ташқари, Россиянинг бир қатор ҳудудларида ўқувчилар «Озодлик» радиоси веб-сайтига киришда муаммолар кузатилаётганидан шикоят қилган. Meduza’нинг айрим ўқувчилари ҳам нашр сайти очилмаётганини айтган.
Кейинроқ «Роскомнадзор» юқоридаги нашр ва ижтимоий тармоқларнинг фаолиятига чекловлар қўйилганини тасдиқлади. Муассаса буни «Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий операция моҳияти ҳақида ёлғон маълумотлар тарқалаётгани» билан изоҳлади.
Хусусан, Россия расмийлари нуқтаи назарига кўра, ушбу оммавий ахборот воситаларида «жанговар операцияларни ўтказиш усуллари (тинч аҳолига ҳужумлар, фуқаролик инфратузилмасига зарбалар), Россия қуролли кучларининг йўқотишлари миқдори ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида нотўғри маълумотлар» нашр этилмоқда.
Аввалроқ Россиядаги «Эхо Москви» радиостанцияси бутунлай, «Дожд» телеканали вақтинча тугатилганди. «Эхо Москви» жамоаси фақат YouTube’да ишлашни давом эттирмоқда.
Россия расмийлари фақат Украинанинг ҳарбий инфратузилмасига ва фақат юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берилаётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда Украина шаҳарларининг турар-жойлари ўққа тутилгани ҳақида кўплаб далиллар мавжуд. Украина вилоятлари расмийлари ва қутқарувчилар ушбу отишмалар натижасида ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар бермоқда.
Мавзуга доир:
- АҚШ сенатори Украинадаги урушни тўхтатиш учун Путинни гумдон қилиш кераклигини айтди. Россия элчиси буни терроризмга даъват деб атади
- Россияда урушга қарши намойишлар тақиқланган. Аммо одамлар Путиннинг қарорига норозилик билдириш йўлини топди — мамлакат кўчаларида урушни қораловчи граффити, варақа ва стикерлар пайдо бўлмоқда (фото)
Изоҳ (0)