Наманган вилояти Наманган шаҳрида 26 февраль куни вояга етмаган фуқаро тенгдошини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 11:50 ларда шаҳарнинг Шерозий кўчасида яшовчи вояга етмаган Л.Х. (16 ёшли) Наманган шаҳар Зирабулоқ кўчасида жойлашган уйлар оралиғида Янги Наманган туманида яшовчи вояга етмаган А.А. (16 ёшли) билан жанжаллашган. У «Нега менинг уяли телефонимга қўнғироқ қилиб, шахсиятимга тегиб ҳақорат қилдинг?», деб А.А. билан ўзаро тортишиб қолган ва қўлида бўлган пичоқ билан кўкрак қафаси орқа соҳасига бир марта уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда А.А. олган оғир тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Вояга етмаган Л.Х. гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, ушбу жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)