Айни пайтда Польшанинг Катовице аэропортида 241 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентдан келган Uzbekistan Airways бортига ўтирмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА.
Қайд этилишича, 28 февраль куни Тошкентдан учиб кетган иккинчи рейс Польшага соат 17:00 лар атрофида (Тошкент вақти билан 21:00 да) етиб бориши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, Украинанинг «Краковес» назорат ўтказиш пункти орқали фуқаролар ўтказилишини тезлаштириш мақсадида 7 та автобус ижарага олинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари ўз ватанига жўнаб кетиш учун Украинанинг Львов шаҳрига келишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Украинадан эвакуация қилинадиган ўзбекистонликларни олиб келиш учун Тошкентдан Польшага биринчи махсус самолёт етиб борганди.
Фуқароларини эвакуация қилиш бўйича Ўзбекистоннинг Киев ва Варшавадаги элчихоналарининг ҳамкорликдаги ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлигини маълум қилганди. Уларни Украинадан Польша орқали ватанга қайтариш бўйича Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар Львовгача поездда, Польша чегарасигача автобусда, ундан сўнг эса пиёда боради. Чегарани кесиб ўтиш узоқ вақт олади. Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этган.
Польша ҳудудида ташкил этилган тўпланиш жойида асосий қисми ёш боласи бор аёллардан иборат Ўзбекистон фуқаролари учун шароитлар яратилган. Хусусан, кўрпа-тўшак, тиббий ёрдам, иссиқ овқат берилган. Ватанга қайтаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳеч қандай ПЗР-сертификатларини тақдим этиш ва Польшага кириш визасини расмийлаштириш талаб қилинмайди.
Элчихона, шунингдек, хавфсизлик тамойилидан келиб чиқиб, фуқаролар учун Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозим эканини билдирган.
Изоҳ (0)