«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво прогнозини эълон қилди.
Унга кўра, 28 февраль куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда қор ёғади, фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 13-18 даража илиқ атрофида бўлади.
1 март, сешанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғиши давом этади, аммо ёмғир кучсиз бўлади. Республиканинг шимолида ёғингарчилик тўхтайди.
2 март, чоршанба куни нам ҳаво массаси шарққа томон силжийди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши сақланиб туради. Ушбу кунда кундузи ҳаво ҳарорати булутли бўлади ва 12-17 даража илиқдан юқори бўлмайди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмидан Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Бунинг натижасида ёғингарчиликсиз жуда илиқ об-ҳаво бўлади. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 18-23 даража илиққача, жанубда ва чўл ҳудудларида 25-27 даража илиққача кўтарилади. Қайд этилишича, бу шу кунларнинг иқлимий меъёрларидан 10-12 даражага юқоридир.
Жуда илиқ ҳавони шиддатли кириб келиши 4 март куни шамолнинг 15-20 метр/секундгача кучайишига сабаб бўлиши мумкин.
28 февралда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.
Изоҳ (0)