Иони денгизининг Корфу ороли яқинида бортида 239 нафар йўловчи ва 51 нафар экипаж аъзоси бўлган «Евроферри Олимпия» паромида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Греция Кемачилик вазирлигига таяниб, «Skai.gr» нашри хабар берди.
Паром сузаётган йўналиш Грециянинг Игуменица портидан Италиянинг Бриндизиси порти томон бўлган. Ҳозирча нима сабабдан юзага келгани аниқланмаган ёнғин эрта тонгда, паром сузишни бошланидан кўп ўтмай учинчи қават палубасида содир бўлган. Proto Thema нашри паромнинг ёнғин ва тутун ичида қолган кадрларини эълон қилган.
Йўловчилар ва экипаж аъзолари паромни қутқарув қайиқларида тарк этган. Ҳозирда улар Корфу оролига эвакуация қилинмоқда. Қутқарув операцияларига Соҳил хизмати катерлари, бир неча хусусий кемалар ва учта вертолёт жалб этилган.
Иони ороллар губернаторининг сўзларига кўра, Корфуга олиб келинган паром йўловчиларидан бири енгил жароҳат олган.
Таъкидланишича, паром ҳозирда ҳам ёнишни давом этмоқда. У томон шатакка олувчи кемалар ва ўт ўчирувчиларнинг катерлари йўналтирилган.
Изоҳ (0)