Тожикистондан Ўзбекистон орқали Россияга чиқиб кетмоқчи бўлган гиёҳвандлик воситалари ортилган юк машинаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 тоннадан ортиқ пахта ортилган юк машинасини Тошкент вилояти «Ойбек» чегара постида инспексион кўрикдан ўтказиш давомида божхона ходимларида жиддий шубҳа уйғонган. Текширув жараёнида юк автомашинасининг тиркамасига гиёҳвандлик воситалари яширилгани маълум бўлган.
Аниқланишича, гиёҳвандлик воситалари 232 дона ўрамда бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 229 килограмм 719 граммни ташкил этган. Тўхтатиб қолинган гиёҳванд моддаларнинг Европа қора бозорларидаги нархи ҳозирда ўртача 12-14 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида тожикистонлик шахс салкам 11 кг гашиш гиёҳванд моддаси билан қўлга тушгани, Бухородаги хонадонда Афғонистон фуқаросига тегишли 54 кг гиёҳванд модда кўмиб қўйилгани аниқлангани, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Наманганда гиёҳванд моддаларни мамлакат ҳудудига олиб кирган шахслар қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- «Афғонистондан 13 тоннадан ортиқ наркотик Термизга кириб келган». ДХХ истеъфодаги полковниги «Гиннесс рекордлари китоби»га киритилиши мумкин бўлган жиноятни гапириб берди
- Тошкент вилоятида 77 кг гиёҳвандлик воситасини картошка кўринишида яширган наркокурьерлар ушланди (видео)
- ДХХ Самарқандда 1,2 кг гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди
Изоҳ (0)