Бухоро вилоят прокуратураси вилоятдаги қурилишларда 1 миллиард 238 миллион сўм маблағ «еб кетилгани»ни маълум қилди. Бу ҳақда вилоят прокуратурасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласи юзасидан ўтказилган матбуот брифингда айтилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, қўзғатилган жиноят ишлари тергови давомида 1 миллиард 238 миллион сўм зарарнинг 446 миллион сўми ундирилган. Айни пайтда эса 791 миллион сўмни ундириш чоралари кўрилмоқда.
«Битта жиноят суд муҳокамасига, тўртта жиноят транспорт прокуратурасига юборилган бўлиб, 12 та жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят туфайли етказилган зарарни ихтиёрий қопламаган айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши белгиланган», — дейди вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Анвар Эсанов.
Матбуот брифингида таъкидланишича, юқоридаги ҳолатлардан ташқари яна 12 та текширув ҳужжати бўйича 16 та қурилиш объектида текшириш ишлари давом этмоқда.
«Айрим ҳолатларда пудратчи корхоналар томонидан амалга оширилган сохтакорликлар фош этилмоқда. Биргина Бухоро шаҳрининг Ҳамза кўчасидаги 1,2 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 2 миллиард 935 миллион сўмлик ишлар аслида бажарилмаган бўлса-да, сохта маълумотлар киритиш орқали қўшиб ёзилгани аниқланди», — дейди масъуллар.
Вилоят прокуратураси бўлими бошлиғи Дилшод Тошев қурилиш соҳасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишда жамоатчилик назорати муҳимлигини таъкидлади.
«Жамоатчилик назоратини ошириш, бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектлардаги қурилиш сифати ва ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланишини кузатиб бориш мақсадида Telegram’да бот ишга туширилди. Ушбу бот коррупция ва талон-торожликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Биз бу борада кўпроқ Сиз журналист ва блогерларга таянамиз», — деди Дилшод Тошев.
Маълум қилинишича, вилоятда 2022 йил охирига қадар 100 та ижтимоий соҳа объектида 904,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Мазкур 100 та қурилиш объектидан 31 таси йилдан йилга ўтувчи, 69 таси эса янгидан қурилиши белгиланган объект ҳисобланади.
Изоҳ (0)