Сурхондарё вилоятида фуқарони мактаб интернати директори лавозимига тайинламоқчи бўлган ўринбосар ва унинг шериги — кадрлар бўлими бошлиғи ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Шўрчи туманидаги кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб интернати директорининг ўринбосари У.Я. фуқаро Б.нинг ишончига кириб, уни 13 минг доллар эвазига халқ таълими бошқармасида ишловчи таниши орқали ўзи ишлайдиган интернат директори лавозимини олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. У.Я. келишилган пулдан 5 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Б.Э. 5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда дарсларга қатнашмасдан, 15 кунда «права» олиб беришни ваъда қилган инструктор ушлангани, Хоразмда 10 млн сўм пора олган бандликка кўмаклашиш маркази директори 5 йилга қамалгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир:
- Андижонда фуқаронинг МИБ ҳисобига ўтказиб юборган ортиқча 7,5 миллион сўмни қайтариш учун 3 млн сўм талаб қилган банк юристи ва МИБ ходими қамоққа олинди
- Ўзбекистонда 2021 йилда қанча мансабдорлар жиноий жавобгарликка тортилгани маълум қилинди
- Тошкентда ипотека кредити ажратиб бериш эвазига фуқародан 2 минг доллар талаб қилган банк бўлими бошлиғи ушланди
Изоҳ (0)