Полковник Муҳиддин Жўраев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, деб хабар беради ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти.
Тайинловга қадар Муҳиддин Жўраев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган. Шу кунгача Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида Дониёр Тошхўжаев ишлаб келаётганди.
Маълумот учун, Муҳиддин Жўраев 2014—2016 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи, 2016—2018 йилларда Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган. У 2018 йилнинг декабрь ойи охирида ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. 2020 йилнинг сентябрида эса Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғига янги ўринбосар бўлганди. Шунингдек, 2019 йил июлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимини эгаллаган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува тумани «Байналминал» МФЙ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Нозимжон Нишонов ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат билан чиққанди. Мурожаат давомида у Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджонов профилактика инспекторларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилган.
Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов мазкур ҳолатга муносабат билдириб, Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатаётган важлар ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)