12 февраль куни британиялик собиқ жаҳон чемпиони Насим Ҳамид 48 ёшга тўлади. Шу муносабат билан қуйида яқин ўтмишнинг энг номдор боксчиларидан бири фаолиятидаги асосий жанглар ёдга олинади.
Деярли барча бокс ихлосмандлари Ҳамиднинг ранг-баранг характерини яхши эслайди. Баъзилар асли келиб чиқиши яманлик бўлган британиялик боксчининг чаққонлиги, координацияси, пластикаси, шунингдек, кутилмаганда йўлланадиган кескин зарбаларидан ҳайратга тушган бўлса, бошқалар уни ҳаддан ташқари дабдабага эътибор қаратиши, ўзини тутиши ва баъзида кўп гапириб юбориши учун ёмон кўрарди. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бокс оламида «Шаҳзода» Насим Ҳамид номи билан танилган Насим Салом Али-Ҳамид ўз даврининг энг машҳур ва унутилмас боксчиларидан бири бўлиб қолаверади. У фақат битта — енгил вазн тоифасида ҳаракат қилган бўлса-да, WBC, IBF ва WBO версиялари бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритишга, шунингдек, жаҳон чемпионлиги учун кечган жангларда 16 та ғалабадан иборат серияни қайд этишга муваффақ бўлган. Қолаверса, жаҳон чемпионлиги жангларининг атиги иккитасида рақибларига финал бонгига қадар боришга имкон берган. Қолган жангларни эса муддатидан олдин якунлаган.
«Сеҳрли гиламлар»да рингга чиқиб келиб, ҳар доим импровизация, ёрқин ва бадиий услубда жанг қиладиган бокс шоумени Шаҳзода Насим 10 нафар собиқ, бўлажак ва амалдаги жаҳон чемпионларини мағлуб этади, бироқ 11-рақибида омадсизликка учрайди. Ўша жангда унга мексикалик Марко Антонио Баррера рақиблик қилади. Мағлубиятдан сўнг Ҳамид тўсатдан боксга бўлган қизиқишни йўқотади ва фақат бир марта унчалик таниқли бўлмаган рақибга қарши кураш олиб боради ва шундан кейин рингни бутунлай тарк этади.
1995 йил 30 сентябрь. Кардифф (Уэльс, Буюк Британия). Ярим енгил вазн тоифасида WBO чемпионлик камари учун жанг
Рақиб: Стиви Робинсон (Уэльс)
Натижа: 8-раундда техник нокаут билан ғалаба
Бу Насим Ҳамид фаолиятидаги биринчи жаҳон миқёсидаги титул жанги эди. Унга «Золушка одам» лақабли уэлслик қора танли Стиви Робинсон қаршилик кўрсатади, у ўша пайтга қадар икки ярим йил давомида жаҳон чемпионлигига эгалик қилиб келаётганди. Жаҳон миқёсидаги чўққиларга кўтарилган Ҳамидни WBO енгил вазн тоифаси рейтингининг биринчи қаторига жойлаштиради ва уни Robinsonнинг камари учун расмий даъвогар сифатида эълон қилади.
Рақибининг ватанида кечган жангда Насим устунликка эга бўлади. Шаҳзоданинг ўзига хос услубда берилган ақл бовар қилмас ракурслардан берган ўткир ва кутилмаган зарбалари чемпионнинг бошини эгиб қўярди. Ниҳоят, 5-раундга келиб, Робинсон нокдаунга учрайди. Жанг саккизинчи уч дақиқаликнинг ўрталарида, Ҳамиднинг чақмоқдек тез, кучли ва ҳалокатли чап ҳукидан кейин якунланади. Бу зарбадан кейин Robinsonнинг оёқлари қалтираб, «рақсга тушиб юборади» ва рингга йиқилади. Ҳакам леопард тасвири туширилган шортидаги жангчининг тўлиқ устунлигида ўтган баҳсга чек қўйишга қарор қилди ва мағлуб бўлган уэлсликнинг соғлиғини сақлаш учун ҳатто саноқни ҳам бошламасдан жангни тўхтатади.
1997 йил 8 февраль. Лондон (Англия, Буюк Британия). Ярим енгил вазн тоифасида IBF ва WBO чемпионлик камарлари учун жанг
Рақиб: Том Жонсон (АҚШ)
Натижа: 8-раундда техник нокаут билан ғалаба
Ҳамиднинг фаолиятидаги икки камарни бирлаштириш учун кечган биринчи жанг. Унга «Бум-Бум» лақабли қора танли америкалик Том Жонсон қаршилик кўрсатади, у ўша вақтга қадар тўрт йил давомида IBF камарига эгалик қилаётганди ва 11 та муваффақиятли ҳимоя жангини ўтказишга эришганди. Шаҳзода беллашувнинг бошиданоқ «сеҳрли» ҳужумлар уюштириб, рақибини шошириб қўяди. У таниқли рақибини шунчаки «запчаст»ларга ажратиб ташлайди.
3-раунддан бошлаб, тажрибали Жонсон мунтазам равишда британияликнинг зарбаларидан кейин мувозанатни йўқотишни бошлайди. Америкаликнинг бу азобларига Ҳамиднинг кўринмас ўнг апперкоти чек қўяди. Том рингга қулайди, гарчи у саноқ тугагунига қадар ўрнидан турса ҳам, аллақачон «тамом» бўлганди. Жанг тўхтатилади ва Насим бирданига иккита йўналиш бўйича камарга эга бўлади.
1997 йил 19 декабрь. Нью-Йорк, (АҚШ). Ярим енгил тоифасида WBO чемпионлик камари учун жанг
Рақиб: Кевин Келли (АҚШ)
Натижа: 4-раундда нокаут эвазига ғалаба
Ушбу жангда Ҳамид Америка рингида катта дабдаба ва кенг кўламли реклама билан дебют қилади. Бунинг устига, у буни қандайдир номи чиқмаган жойда эмас, балки машҳур Madison Square Garden аренасида амалга оширади. Бу вақтга келиб Насим IBF камарини ташлаб, жангга дастлаб қўлга киритган WBO чемпионлик камарини қўйганди.
HBO телеканалини унга АҚШнинг собиқ жаҳон чемпиони, «Чақмоқ» лақабли машҳур Кевин Келлини танлайди. Келли жуда ажойиб жангларни ўтказиш қобилияти билан машҳур эди, у Ҳамид билан баҳсда ҳам шу жиҳатини кўрсата олди. Қисқа, лекин драматик руҳда кечган жангда Келли ҳар доим очиқ жанг ўтказган Насимни уч марта — 1, 2 ва 4-раундларда нокдаун ҳолатига тушириб қўяди. Бироқ жангдаги сўнгги сўзни Шаҳзода айтди. У рақибни 2-раундда бир марта, 4-раундда эса яна икки марта қулатди. Ҳамиднинг чап ҳуки Келли учун жангдаги ўтказиб юборилган сўнгги зарба бўлди.
1998 йил 18 апрель. Манчестер (Англия, Буюк Британия). Ярим енгил вазн тоифасида WBO чемпионлик камари учун жанг
Рақиб: Вилфредо Васкес (Пуэрто-Рико)
Натижа: 7-раундда техник нокаут билан ғалаба
Насимнинг бу жангдаги рақиби бокс оламида Чемпионлар ороли деб аталадиган Пуэрто-Рико вакили, барча даврларнинг энг яхши боксчиларидан бири эди. Вилфредо Васкес уч вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлиб, Ҳамидга амалдаги жаҳон чемпиони мақомида қаршилик кўрсатганди. Жангдан олдин камари пуэрто-риколик юлдузга тегишли бўлган WBA ташкилоти WBO чемпиони билан бирлаштирувчи жанг ўтказишга қарши эди. Натижада, Васкес WBA чемпионлик камари ёки жуда катта гонорарли жангдан бирини танлаш керак бўлади. Вилфредо иккинчисини танлайди, энг қадимги бокс федерацияси эса уни жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум қилади.
Бунинг устига у Ҳамиднинг WBO камарини ҳам қўлга кирита олмайди. Жанг вақтида Шаҳзода даҳшатли рақибини тўрт бор — бир мартадан 3 ва 6-раундларда, шунингдек, икки марта 7-раундда нокаутга учратади. Тўртинчи йиқилишдан сўнг, гарчи Васкес жангни давом эттирмоқчи бўлса-да, ҳакам уни Ҳамиднинг зарбаларидан қутқариш учун жангни тўхтатади. Агар WBA қарори бўлмаганида, бу жангдан кейин Насим ўша пайтда тўртта асосий йўналиш — WBC, WBA, IBF ва WBO бўйича жаҳон чемпиони камарларини қўлга киритган америкалик оғир вазнли Риддик Боуидан кейин тарихда иккинчи жангчига айланарди. Тўғри, бу ерда Ҳамиднинг камарларни турли вақтларда қўлга киритгани ва бир вақтнинг ўзида иккитадан кўп камарга эгалик қилмаганини ҳам қўшимча қилиш мумкин.
2001 йил 7 апрель. Лас-Вегас (АҚШ). Ярим енгил вазн тоифасида IBO чемпиони камари учун жанг
Рақиб: Марко Антонио Баррера (Мексика)
Натижа: ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубият
Ушбу жанг «Олов билан ўйнашиб» реклама шиори остида ўтказилади ва HBO телеканалининг пулли тизимида намойиш этилади. Жангда ўша даврнинг энг яхши икки боксчиси бир-бири билан куч синашади. 35:0 ҳисоби билан шу пайтгача мағлубиятга учрамаган Ҳамиднинг имкониятлари букмекерлар томонидан юқори баҳоланганди. Жангга тайёргарлик кўриш вақтида Шаҳзода жуда кўп вазн йўқотиши керак бўлган. Ўша пайтда Ҳамидга устозлик қилган Эммануэль Стюард унинг спарринглардаги ҳаракатларидан хавотирда эди. Ва жангнинг биринчи раундидаёқ Насим Барреранинг бир зарбасидан ўзини йўқотиб қўяди.
Мексикалик ўзига хос ҳужумкор жанг услубини четга суриб, ҳимоядан интизомли ва тартибли жанг олиб боришни афзал кўради. Бу ностандарт ва кескин зарба берувчи Ҳамидни кўплаб устунликларидан маҳрум қилишга имкон беради. Унинг сеҳрли чап қўли ўша жангда Баррерадек юқори тоифали ва эҳтиёткор боксчига қарши иш бермайди. Марко Антонио қайта-қайта муваффақиятли қарши ҳужумларни уюштирар ва тезда маҳорат билан ёпилиб оларди. Натижада, сўнгги 12-раундда жарима очкоси олиб ташланганига қарамай, Баррера 116-111, 115-112 ва 115-112 ҳисобларида ҳакамларнинг якдил қарори билан жанг ғолиби деб топилади.
Бошқа мақолалар:
- Дунёни ларзага келтирган жанг. Майк Тайсоннинг илк мағлубияти ҳақида
- «Ишончим комил, уни ўлдиришган». Афсонавий боксчи Артуро Гаттининг жумбоқли ўлими ҳақида
- Флойд Мейвезер Оскар де ла Ҳояни тахтдан ағдарган кеча. Бокс тарихидаги энг баҳсли жанг ҳақида
- Кличколар оиласининг ғаройиб ҳикояси: боксчиларнинг бобоси татарлар депортациясига раҳбарлик қилган, отаси генерал бўлган, бувиси эса яҳудийлар геноцидидан омон қолган
- Тайсон ва Муҳаммад Алини миллионлаб долларга «ухлатган» ва арзимаган чақалар эвазига шерикларини ўлдирган каллакесар промоутер Дон Кинг ҳақида
- Олдини олиш мумкин бўлган фожиа. Нокаутчи Жеральд Маклелланнинг ҳаётини барбод қилган жанг ҳақида
Изоҳ (0)