Франция президенти Эммануэль Макрон 2050 йилгача камида олтита янги атом электр станцияси (АЭС) қуриш режасини эълон қилди, деб хабар беради Deutsche Welle.
Давлат раҳбари Белфор шаҳридаги турбина заводига ташрифи чоғида Франциянинг энергетика келажаги бўйича ўз қарашларини билдириб, Electricite de France (EDF) томонидан камида олтита янги ядро реакторларини қуриш бўйича асосий режани маълум қилган.
Нашр маълумотларига кўра, учинчи авлод босимли сув реакторлари (EPR) қурилиши 2050 йилгача якунланиши керак. Сиёсатчининг айтишича, у яна саккизта реактор қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бутун лойиҳа Францияда иссиқхона газларини чиқаришнинг қисқартирилиши шиори остида амалга оширилади.
Макрон атом энергетикасини ривожлантириш режаларидан ташқари, Францияда эски ядро реакторларини ўчирилишига қарши эканини айтиб, хавфсизлиги таъминланиши шарти билан уларнинг хизмат кўрсатиш муддатини «50 йилдан ортиққа» узайтиришга эришишга ваъда берган.
Бироқ Франция етакчиси асосий эътиборни мамлакат энергетикасининг 70 фоизини таъминлайдиган ядро энергетикасига қаратган. Янги ядровий реакторларни қуриш катта харажат талаб этиши ва мураккаблиги ҳақидаги хавотирларга қарамай, Макрон атом энергиясини экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан фойдали вариант сифатида қўллаб-қувватлашини айтган.
Макрон янги қурилишни эълон қилиш билан бирга, EDF эски атом станцияларининг хизмат қилиш муддатини 40 дан 50 йилга узайтиришини хоҳлашини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, атом реакторларининг қурилиши қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш билан биргаликда Францияга 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш имконини бериши керак.
Аввалроқ Хитойнинг «Тайшан» АЭСда радиация даражаси ошгани, Лукашенко Беларусда иккинчи АЭС қуришга рухсат бергани, Франция, Польша ва яна беш мамлакат атом энергетикасини ёқлаб чиққани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)