Гарвард университетининг фахрий доктори, «Озодлик медали», яна бир қатор мукофотларга эришган Опра Гэйл Уинфри уч карра Forbes назарига тушган. Ўз киностудияси, O, the Oprah Magazine журнали, радиотармоқ ва OWN: The Oprah Winfrey Network телеканалини бошқараётган уддабуррон аёлнинг эътиборли хизматларидан бири Жанубий Африкада қизлар мактабини очиб, у ердаги қашшоқлик, саводсизликка барҳам беришга уринаётганидир. Университетидаги ўқишини ташлашга мажбур бўлган, йиллар ўтиб, миллионлаб телетомошабинлари бор «Опра Уинфри шоуси» билан танилган телебошловчи 2008 йили Стенфорд университети битирувчиларига зафар ва мағлубиятларининг сирини очади.
«Дарё» илк афро-американ телебошловчи аёлнинг ушбу нутқини айрим қисқартиришлар билан тақдим этади.
Дипломсиз телебошловчига айландим
«Стенфорд» деган каломни айтишни бирам хуш кўраманки... Афсус, бу даргоҳ дипломини олиш насиб этмаган. Сабаби, Теннеси штатидаги университетга ҳужжат топшириб, 1975 йили битиришимга бор-йўғи бир семестр қолганида дарсларни кўп қолдираверганимдан кетишга мажбур бўлганман. Ўшанда ўзимни: «Ташвишланма. Шундоғам курсдошларинг билан битирув оқшомини ўтказа олмасдинг», дея овутдим. Негаки, биринчи курсидан – ўн тўққиз ёшидан бери – телевидение ҳавосидан нафас оладиган қизалоқ ўша вақтлари кечки янгиликлардан кейин «комендантлик соати»ни кутадиган ягона телебошловчи эди. Отам эса, «Ахборот соати 10:30 да тугайди. Шундай экан, ўн биргача уйда бўл!», — дерди қатъий.Бундай огоҳлантиришларни қулоққа илмасдим. Чунки яшаш учун тинмай курашар, яна танлаган йўлимда кетаётгандим. Орадан қанча йиллар ўтди, отам ҳали-ҳануз ўша масалага – дипломсизлигимга қайтаверарди. «Опра Гэйл (бу иккинчи исмим), келажакда университет дипломисиз нимага эришмоқчисан, ҳайронман!», дерди. «Дадажон, телевизион шоу муаллифиман!», деган жавоб тайёр турарди. Шунда ҳам бўш келмай: «Дипломсиз қандай яшаш мумкин, тасаввуримга сиғдиролмайман, ахир!» деб ўпкаларди.
– Дадажон, ўзимнинг ток-шоум бор!
– Жуда яхши, лекин бошқа ишнинг бошини дипломсиз қандай тутасан?
1987 йили Теннеси университети битирувчилари олдида нутқ сўзлашга таклиф этишди. Ўшанга довур, жамоатчилик орасида ўз шоум билан яхшигина танилишга улгурган, «Оскар»га лойиқ топилган фильмни суратга олган, «Ҳарпо» отлиғ компанияга асос солган аёл эдим. Бироқ то бир инсоннинг кўнглини шод айламагунча, (отам айтганидек, дипломсиз ҳеч нимага эришолмай) маъруза ўқимаслигимни айтиб, таклифни рад этдим. Кейин курс ишларимни тез-тез ёзиб, диплом ҳимоясидан ўтиб, ниҳоят ўз даражамни олдим. Отамнинг қанчалар шодланганини, бу инсонни қувонтириш муаммоларимнинг ечими эканини ҳам айтмай қўяқолай.
Отамнинг нега дипломим бўлиши ҳақида бунчалар қайғуришига сабаб бор. Би Би Кингнинг: «Ўқиш-ўрганишнинг афзал томони – уни биров сендан асло тортиб ололмаслигида», деган гапини такрорлайверарди. Ўқиш кенг маъноли тушунчаки, бугун айни шу мавзуда сўзламоқчиман. Сизнинг ўқиган-ўрганганларингиз шу ерда тугамайди, аксинча, бу ҳали бошланишидир.
Оламда ҳали ўрганишингиз керак сабоқлар талай. Бу дунё, она замин – мактаб, ҳаётимиз эса синфхона. Гоҳи Ер сайёрасидаги мактаб дарслари узун йўлдаги тўсиқлар, қияликларга ўхшайди. Баъзан тамомила инқирозга юз тутади. Сабоқларни тўла-тўкис англаш учун олға интилавериш муҳимлигини англаб етдим. Бу – коинот сири.
Ҳаётга тиккама-тикка қарши чиқиш — билимларимизни кенгайтиришда энг мақбул йўл. Айнан шулар – инсон моҳиятини «такомиллаштириш», ўзлигимизни топиш, онг-тафаккурни муттасил бойитиш, юқори поғоналарни забт этиш ниятида яшаймиз.
Донолик бойликдан қиммат — қанча сарфласангиз, шунча кўпига эришасиз
Чикагода ишимни илк бошлаган кунларим бир мухбир қиз мендан интервью олди. Орадан йиллар ўтиб, тасодифан, кўришганимизда: «Биласизми, сира ўзгармабсиз! Худди аввалгидек, ўз ҳолингизча қолибсиз!» деганди самимий. Умрим бўйи эшитган энг ёқимли мақтов мана шу.Аслида, ниманинг пайида юрмайлик, бари аслимизни асрашга интилишдир. Зиммамиздаги барча юмушлар, ишлар-у тажрибаларда ўргангулик сабоқ бор ва у кейинги қадамларимизни, руҳни бойитиш манзилларини белгилаб беради. Ишонинг, донолик бойликдан-да қимматлироқ – қанча сарфласангиз, шунча кўпига эришасиз.
Бугун сизлар билан атиги учта сабоқни – ҳаётимга таъсири беҳад улкан, туйғуларим билан боғлиқ, умр сафаримда жамғарганларимни – бўлишмоқчиман. Қарши эмасмисиз? Кимдир сизга: «Чимдим нарсани гапириб бермоқчиман» деб, соатлаб валақласа, жаҳлингиз чиқмайдими? «Менга қаранг, бу менинг битирув кечам. Сизники эмас», дейишингиз табиий. Шу боис, учтагина сабоқни улашаман, холос.
Балтимордаги кечки ахборот дастурига телебошловчиликка таклиф этишгач, бир йил ўтиб, коллежни ташладим. Ўшанда асосий мақсадим медиа бозорида ўз ўрнимни топиш эди. Балтимор эса Нешвилдан кўра каттароқ майдон эди. Йигирма икки ёшимда кечки ахборотда чиқишим йирик ғалабага ўхшардики, гўё дунёдаги энг музаффар инсон мен эдим.
Ич-ичимдан шунчалар ғурурланардимки, ана энди Барбара Уолтерсга ўхшаш имкон топилди, деган хомхаёллардан севинардим. Илк иш бошлаган кезларим шу хонимга тақлид қилардим. Йигирма икки ёшимда йилига 22000 доллар даромад топардим. Ишхонада Гэйл деган ажойиб дугонамни топдим. Гап орасида: «Вой, Худойим! Ишонолмайман! Йигирма икки ёшда шунча пул! Қирққа кирсанг, қирқ минг топаркансан-да!» дерди тез-тез.
Қирққа ҳам кирдим. Шукрки, унинг башорати амалга ошмади.
Хуллас, йигирма икки ёшимда йигирма икки минг топардим-у, бироқ недандир кўнглим сира тўлмасди. Президент Ҳеннесси айтганидек, номим «қўнғироқ»дек жаранглаши керак эди. Шу боис, раҳбарларим исмимни ўзгартиришга келишишди. «Опра дегани бировнинг эсида турмайди. Кел, исмингни ўзгартирамиз. Одамлар хотирасига муҳрланадиган, энтикиб эслайдиганини излаймиз. Эҳтимол, юмшоққина «Сюзи»дир?», деганди янгиликлар бош муҳаррири.
«Салом, Сюзи». Жуда дўстона, а? Сюзи энсангизни қотирмаслиги аниқ. Ёдда қолиши ҳам осон. Бироқ мен Сюзи эмасман.
«Исмингни Сюзига ўзгартир», — дедилар... рози бўлмадим
Исмимдан уялиб улғайгандим. «Опра» деган номни ликоп остидаги ёрлиқлар, овқат идишларида учратсанг, ижирғанмай қўймайсан. Исмимни ўзгартириш таклифини айтишганида ўзимча ўйладим: «Тўғри, исм меники, хўш кейин-чи? Нима, Сюзига ўхшайманми?». Албатта, йўқ. Ахир, кўнглимдаги мурод бу эмас-ку! Исмимни ўзгартирмадим. Одамларнинг эслайдими ёки йўқ – аҳамиятсиз.Кейин ташқи қиёфам ҳам уларга маъқул эмаслиги ойдинлашди. 1976 йили бошлиғим ҳузурига чақириб: «Афт-ангоринг менга ёқмайди!» деди хотиржам. Агар ҳозир шундай дейишса, ўша кишини дарров судга беришади. Бироқ у пайтлари замон бошқа эди. Одатий ҳолдек қарашарди барига. Барбара Уолтерсга ўхшагулик жойим ҳам йўқ эди. Шу тариқа, гўзаллик салонига етаклаб бориб, сочларимни иссиқ қисқич билан турмаклашди. Бир неча кун ўтиб, сочларим тўкилди, аламдан уларни қириб юбордим. Алал-оқибат, бу кўринишим ҳам уларга ёқмади. Негаки, экранда қоп-қора ва сочи тақир олинган бошловчи ўтирарди-да! Хунук манзара, а?
Калликданам ёмони бошқа одамларнинг фожиаларини кўриб, кузатиб, кундалик вазифа тарзида репортаж тайёрлаш эди. Бундай топшириқларга нафратимни яширолмасдим. Ич-ичимдан бошқа иш – залвори бундан-да оғир юмушни бажаришим, кимларгадир кўмаклашишим кераклигини ҳис этардим.
Вақт ўтгани сари Барбарага тақлидан гапиришга, унингдек тик ўтиришга беҳуда чиранардим. Назаримда, аҳмоқларча йўл тутаётгандим. Мабодо, ўзлигимни сақлаб қолсам, энг чиройли Опрага айланардим. Барбарадек жарангдор сўзлашга уринганларим-чи! Гоҳи қўлимдаги матн нусхасини ўқимас, ичимдаги овоз сўзларнинг ўз-ўзидан равон кетаверишини айтар, янгиликларни одамларга ўзим улашаётгандек ўқишга тиришардим. Қўлимдаги матнга қарамай, гўё ичимдан тошиб келаётгандек янгиликларни ўқирканман, талаффузи қийин айрим сўзларга дуч келиб, уларни чалакам-чатти тилга олаётганимни билмасдим. Кунларнинг бирида матнга қараб туриб, «Канада» сўзини «Ка-нада»дея ўзимча қироат билан ўқидим. Сўнг Барбара усули кўпам тўғри эмаслигини, ўз йўлимни топишим зарурлигини англаб етдим.
Лекин дадам ҳар доимгидек: «Опра Гэйл, толейинг кулгани шу. Ишингни ташламаганинг дуруст», дея фикримдан қайтарар, бошлиғим эса, «Бу кечки дастур. Сен – телебошловчисан, оддий хизматчи эмас. Ўз ишингни қилавер», дейишдан чарчамасди.
Иккиланиш, бурч ва умид орасида қоврилардим. Уйга қайтиб, кундалик ёзишга тутиндим (Ўн беш ёшимдан бери муттасил кундалик ёзаман. Бемисл қудратга эга у). Қоғозга кўнглимда қўпган ғалаён, аросатдаги ўйларим, тушкунлигим – барини тўкиб ёздим. Ташвишларим билан танҳо курашдим, ҳаммасини енгдим.
Кўнглинг буюрганини қилсанг, ҳақлигингни тушунасан
Саккиз ой ўтиб, ишдан кетдим. Айтишларича, ҳаддан ортиқ кўнгилчан эканман. Сал ўтиб, шартномадаги ҳақимни тўламай, Балтимордаги ток-шоуга ўтказишди. Шоуни олиб борарканман, худди уйимда ўтиргандек ҳузурланаётганимни туйдим. Телевидение вақтичоғликдан кўра одамларнинг турмушини яхшилаш, уларни тинглаш, дардини аритишда хизмати катта экан. Ўрнимга чўкиб, кўрсатувни бошларканман, енгил нафас олаётганимни, тўғри йўлни топганимни сездим.Кўнглинг буюрган ишни бажарсанг, ҳақ эканингни тушунасан, ҳар куни нимагадир эришасан, сенга тўлаётганларидан ортиғини оласан.
Хўш, тўғри йўлдалигингизни қаердан биласиз? Қай тариқа аниқлайсиз? Қайғурманг, сезасиз. Сезгиларимиз ҳаётимиздаги қидирув системасига ўхшайди. Ниманидир бажаришга иккиланган ёки қатъий қарор чиқаролмаганда сезгилар ўз-ўзидан сизга ишора беради. Қобилиятингиз остонадаёқ худбинлигингизни синаб, ички овозингизга қулоқ тутади. Ҳар қайси тўғри қароримда, такрор айтаман, ҳар бир тўғри танловимда, ички овозимнинг беминнат хизмати бор. Хатоларим эса ички овозимга қулоқ тутмаганим, ўзимни эшитмаганим ҳосиласи.
Кўнглингиз чопмаяптими – қўл урманг! Айни шу биргина сабоқ, нафақат сизни, дўстларим, балки яна кўпгина қайғудошларни қутқаради. Бу ҳатто тақиққа ҳам ишора. Мана шуни ўргандим. Ҳали анчагача ишни нимадан бошлашга иккиланасиз. Ўшанда ўзингизни босинг, тинчланинг, шошилманг. То йўл топмагунингизча тушкунликка тушманг.
Ўзингизни қўлга олиб, ички иштиёққа эркинлик берсангиз, биргина шахсий ҳаётингизда эмас, балки дунё равишини бошқаришда ҳам анча-мунча илмни эгаллайсиз. Ёзувчи Даниэль Пинк «Мутлақо янги тафаккур» асарида тамомила бошқа асрга қадам қўяётганимизни айтади. Оломондан ажралган инсон тобора «юрак»ка – миянинг ўнг шарига – яқинлашиб, чап шаридан узоқлашадиган замонни «Концептуал аср» дея номлабди. Бунда совуқ ақл, ҳисоб-китоб, қонун-қоидалар эмас, хушхандонлик, эзгу мақсад, ҳис-туйғулар, ички сезгилар ҳукмрон бўларкан.
Мақсадга тез элтадиган, бир тарафлама сўқмоқларни унутинг. Ростданам учмоқчимисиз, аввал куч ва қўрқувингизни чамалаб кўринг. Ички овозингизни авайланг. У ҳаммада мавжуд. Қалбингизга ишонинг ва омад сизга кулиб боқади.
Омад мен учун нима? Айтиб қўяй, пул – жуда ажойиб нарса. Бу ерда сизларга пул ҳақида сўзламоқчи эмасман. Негаки, у шундоғам яхши нарса. Пулни яхши кўраман. Қанчадан қанча буюм сотиб олиш мумкин. Бироқ пулдорлик ҳар доим ҳам бахт беравермайди. Бунда даромаднинг ақл билан вобасталиги муҳим. Ахир, маъногина ҳаётингизни безайди. Атрофингизда сизни эъзозлайдиган, ишончли чин дўстлар тўплансагина, ўзингизни бой-бадавлат деб билаверинг.
Ҳозир яшанг, эртага нима бўлишини билмайсиз-ку!
Демак, биринчи сабоқ – сезгиларингизга бўйсунинг. Тўғри дея овоз берса, йўлда давом этинг. Аксини эшитсангиз, ниятингиздан қайтинг.Энди бироз муваффақиятсизликка тўхталсам. Чунки ҳеч биримизнинг умр сафаримиз бехатар, йўлимиз равон эмас. Барчамиз қоқиламиз, йиқилиб-суринамиз, инқирозларни бошдан кечирамиз. Ишларимиз чаппа кетса, дарров таслим бўламиз. Ахир, бу йўналишимизни ўзгартиришга ишора, холос-ку. Ҳар бир мағлубият, қийинчилик палласида бунда ҳикмат яширинмикан, нимани ўргансам экан дея ўзимдан сўрайман? Худди шу ерда керакли хулосани чиқаргач, яна олға қадам ташлайверасиз. Чиндан сабоқ олсангиз, имтиҳондан ўтасиз, мавзуни қайта такрорлашнинг ҳожати йўқ. Шунда ҳам кўзингиз очилмаса, ўзгадан ўпкаламанг.
Ҳаётнинг имо-ишоралари, пичирлашларига аҳамият бермаган чоғим мушкулотлар ёпирилиб келаркан. Эътиборлиси, ҳаёт баридан аввал белги бераркан. Агар ўша шивирни рад этсангиз, эртами-кечми, қайсарлигингизча қолсангиз ҳам афсусланаркансиз. Хотиржам тортиб, ўзингизга тўғри саволни бериб, омадсизликнинг илдизини қидирсангиз, ҳаммаси равшанлашади, чиқиш эшигини осонгина топасиз.
«Янги замин» деган бетакрор китоб муаллифи, дўстим Экҳарт Толли мана бундай йўл тутади доим: у кўнгилсиз воқеаларга асло қарши турмайди, аксинча, ўша толесизлик билан қўшилиб кетади. Ечим эса мушкулотнинг ўзидан чиқарилади. Чунки таслим бўлиш тарк этиш дегани эмас, балки масъулият билан олға ҳаракатланиш демак.
Кўпчиликка маълум, (президент Ҳеннесси бу ҳақда аллақачон гапирди) ушбу сабоқларни Африкада бошлаганман. Жанубий Африкадаги қизларни худди Стенфорддагидек келажакка йўналтириш, уларга имкон бериш умидида ўша ерда мактаб очдим. Унинг гуллаб-яшнаши, ривожи уч-у беш йилимни сарфладим. Ҳар қайси қиз-аёл атрофидагиларга кераклигини ҳис этсин, дедим. Шу боис, андазасидан тортиб ёстиқлар-у чойшаблар сони, ғиштлар орасидаги қоришмагача ҳисоблаб чиқдим. Тўққиз вилоятдаги қишлоқлардан қизларни шахсан ўзим танладим. Бироқ ўтган кузда кутилмаган дуч келдим. Ётоқхона бошлиқларидан бири зўравонликка эрк бергани ҳақидаги хабарни етказишди.
Тушунганингиздек, ақлни шоширадиган мужда. Дастлаб, ярим соатча аламдан бақириб, роса бўзладим. Кейин ўзимни босиб: «Ишга қайт. Ярим соатча бекорга кўзёш тўкдинг. Вазиятга оқилона ечим топ. Ҳозироқ бир қарорга кел», дедим ўзимга ўзим. Ўша заҳоти руҳий зарба олган болаларни даволайдиган мутахассис билан боғландим. Ўқувчиларим зарур ёрдамни олишлари учун махсус гуруҳ тузиб, Гэйл билан самолётга ўтирганча, Жанубий Африкага учиб кетдик.
Муттасил ўзимдан сўрайвераман: «Бундан нимани ўргандим?». Агар бояги мушкулот тажрибамга тажриба қўшса, демак, тузуккина дарс олибман. Ҳозир хатоларим нимадалигини яхши биламан. Бошимдан ўтказган барча камчиликларимни ипидан игнасигача диққат билан кузатаман. Ўша мактабни инсон ички кечинмаларини тадқиқ этиш мақсадида бино этганман.
Бу сабоқ барчамизнинг ҳаётимизга бош суқмай қўймайди. Энг муҳими – ички овоздир. Хулқ-одоб, қобилият ва гўзаллик эса бирламчидир. Биламан, ўқувчи қизларим ўша нохуш ҳолатдан матонат билан чиқиб кетишади. Овозларида куч мужассамлигини, албатта, тушунишади.
Уларнинг кўтаринки руҳи ва вазиятга мослашувчи феъли сўнгги сабоқни – бахтни излаб топишни ўргатди.
Бахтга эришиш энг жўн, аммо ўта дақиқ мавзу. Ўз фарзандларига «Ёшларга мурожаат – келажакка мурожаат» деган шеър ёзган Гвендолин Брукс сўзининг якунида: «Жангдаги ғалаба, қўшиқнинг хотимаси учун эмас, билъакс айни шу лаҳзада яшанг» дейди. Экҳарт Толли айтганидек, шоира ҳам «Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема», нақлини мисол келтиради. Ҳозир яшанг. Ўтмишингиздаги хотираларнинг бугун учун қизиғи йўқ, чунки ҳаёт «айни шу он» сўзи билан боғлиқ.
Ҳаёт — чайқовчилик бозори
Шоира яна бир жиҳатни айтгиси келган-у, имкон тополмаган чоғи. Фақат ўзингиз учун яшаманг. Чиндан бахтга эришмоқчимисиз, ўзингиздан кўпроқ шижоат талаб этинг. Сабаби, ҳаёт – чайқовчилик бозори. Олдинга юриш учун ортга ҳам қайтиб турилади. Назаримда, бу энг муҳим сабоқ. Бахтли бўлиш учун нимадандир воз кечилади.Биламан, бу университетда айтаётган сабоқларим аллақачонлардан буён бор. Жейн ва Лиланд Стенфорд ҳам айни шу тажрибаларни бошдан ўтказгани, шубҳасиз. Бу йирик илм масканининг қандай бино этилгани, Стенфордлар ўн беш яшар якка ягона фарзандини терлама сабаб йўқотганлари тарихини кўпчилик билади. Ўшанда улар дунё равишидан ғазабланишга, эришганларини аямай йўқотишга ҳақлари етарли, яна важ ҳам топиларди. Бироқ бунинг ўрнига жамики оғриқлари ва қайғуларини эзгуликка йўналтирдилар. Ўғилларини йўқотган йили нуфузли ўқув даргоҳига асос солишди. Ўз жигарбандига ўқиш насиб этмаган масканда бошқаларнинг болалари ўсиб-унишига шароит яратдилар.
Ҳаммаси равшан – қайғуга чўмганингда бошқаларнинг ғамини аритиш учун ҳам уларга кўмакка шошил. Жонинг оғрияптими, ўзганинг ҳам оғриғига малҳам қўй. Оломон қуршовида қолганингда нафақат ўзингни, яна оломон топтаётган одамни ҳам қутқаришга урин. Охир-оқибат, ҳамдардлик ва биродарлик хизматининг чинакам аъзосига айланасан.
Стенфордлар ота-онагина сабр этгулик зўр қайғуни бошдан ўтказди. Ғамни аритишнинг йўлини бошқаларга берилажак кўмакда кўришди. Айни шу донолик илмий ва ижтимоий тарафдан ривожлантирилди. Ишонаверинг, бу шахсий сифатлар ҳақидаги бемаъни сафсата эмас. Атрофдагиларга ёрдам бериш орқали руҳингиз камолга етади. Ўзингизни бардам сезяпсизми, қани туринг-да, дўстларингизга кўмаклашинг. Шунда бахт нелигини туясиз.
Шубҳа йўқки, актёрликни танлаганлар, албатта, санъатга ўзларини бахшида этадилар. Ёки шифокорликка ўқиётган билим ва ғайратини соғлиқни сақлашга сарф этади. Бугун кўпчилигингиз бизнес, ҳуқуқ, муҳандислик, ижтимоий фанлар, илм-фан, тиббиёт соҳаларида докторлик ва бошқа даражаларни олиш арафасидасиз. Иқтидор ва маҳоратингизни хизмат кўрсатишга сафарбар этаркансиз, атрофга ўша «хизмат кўзойнаги»ни тақиб қарасангизгина касбингиз кутилмаган туҳфаларни ҳозирлайди сизга. Сезишимча, барингиз Стенфордда шунчаки битириб кетиш ва иш топиш ниятидагина ўқимагансиз.
«Ҳамма ҳам машҳур бўлолмайди. Аммо ҳар ким буюк бўла олади»
Келинг, сўзимни Мартин Лютер Кингнинг ажойиб гапи билан якунласам. Доктор Кинг «Ҳамма ҳам машҳур бўлавермайди», дейди. Билмадим-у, қаршимдагиларнинг барчаси машҳурликка даъвогардек. Бироқ тақдир – сўқмоқ. Хуллас, доктор Кингнинг айтишича, «Ҳамма ҳам машҳур бўлавермайди. Лекин ҳар ким буюк бўла олади. Негаки, буюклик меҳнат билан вобаста». Тарихни яхши ўрганган талабалар иқтибоснинг давомини ҳам билишса керак. «Ишлаш учун коллеж дипломи бўлиши шарт эмас. Меҳнат учун эга билан кесимни бир-бирига мослаштиришга, Афлотун билан Аристотелни билишга мажбур ҳам эмассан. Хизмат учун Эйнштейннинг нисбийлик назариясини ёки физикадаги иккинчи термодинамик назарияни билмаслигинг айб эмас. Бор-йўғи, муҳаббатга тўлуғ қалбинг ва меҳр билан суғорилган руҳинг бўлса кифоя», деб айтганди.Бир неча дақиқалардан кейин Стенфорднинг ҳақиқий битирувчисига айланасиз. Диплом билан бирга меҳрибон қалб ва теран ақлингиз бор. Ушбу туҳфаларни қаерга йўллаш ўзингизга боғлиқ. Мана, қўлингизда ҳужжат. Боринг, кўринг, ўрганинг, чунки буюк ўйлар, албатта, рўёбга чиқади.
2008 йил 15 июнь Стенфорд университети
Инглиз тилидан Чарос Низомиддинова таржимаси
Изоҳ (0)