АҚШ Сенати разведка қўмитасининг бир гуруҳ аъзолари президент Жо Байденга очиқ хат ёзиб, Украина билан бўлишиладиган разведка маълумотларининг миқдорини оширишни сўради. Мактуб матни қўмита раҳбари Марк Уорнернинг расмий саҳифасида эълон қилинган.
«Владимир Путин украиналикларнинг эркинлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда, украиналиклар эса ўз суверенитети, эркинлиги ва демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ҳимоя қилиш йўлида ҳаракат қилишга тайёр эканини намойиш этмоқда», — дейилади ҳужжатда.
Шу муносабат билан қонунчилар Оқ уй раҳбарига АҚШдан Украинага Россия ҳақидаги разведка маълумотларини имкон қадар кўпроқ узатишни сўраб мурожаат қилган.
«Россия — тажовузкор, биз Украинани ҳимоя қилиш учун зарур бўлган муҳим маълумотлар билан мамлакатни қуроллантиришимиз керак. Бу АҚШ миллий хавфсизлиги, шунингдек, минтақадаги иттифоқдошларимиз ва ҳамкорларимиз манфаатларига мос келади», — дейди мактуб муаллифлари.
Сенаторлар Россиянинг Украинага қарши таҳдидлари бутун дунё демократияси учун хавф туғдираётганини таъкидлади, шунинг учун улар АҚШ президентини «Украинани ҳозирги кескин паллада қўллаб-қувватлаш учун ҳамма чорани кўришга» чақирди.
Аввалроқ Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шольц Вашингтонда Украина атрофидаги вазият, Россияни жиловлаш ва энергетика билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилганди. Шунингдек, Франция, Германия ва Польша Россияни Европада хавфсизлик масалалари бўйича мулоқотга чақирган.
2021 йилнинг кузидан бери Россия Украина чегаралари яқинида қўшинларини тўпламоқда, шу сабабли Ғарб давлатлари Россиянинг Украинага бостириб киришидан чўчимоқда. Ғарбга кўра, Украина чегарасида 100-125 минг россиялик аскар бор. Россия ҳукумати қўшинларнинг ҳаракатини одатий машғулотлар билан изоҳлаб, улар бирор мамлакатга ҳужум қилмоқчи эмаслигига ишонтирмоқда.
Январь охирида The Washington Post нашри манбаларига таяниб, Украина разведкаси Киевдаги бош офисидан махфий материаллар ва ускуналарни Украина ғарбидаги хавфсиз жойга кўчирганини хабар қилди. Қайд этилишича, махфий ҳужжатларнинг пойтахтдан олиб чиқилиши Украинанинг Россия босқинига ҳозирлик кўраётганидан далолат беради.
Изоҳ (0)