Италияда 11 февралдан бошлаб кўчаларда ниқоб тақиб юриш мажбурияти бекор қилинади, деб хабар беради The Local.
Маълум қилинишича, бунга қадар барча жамоат жойларида — хоҳ у очиқ бўлсин, хоҳ ёпиқ — ниқобда юриш керак бўлган. Бу каби қоида коронавируснинг омикрон штамми тарқалишни бошлаган вақтда, 2021 йилнинг декабрида жорий этилган.
Эндиликда 11 февралдан бошлаб ҳимоя ниқобларидан одамлар оммавий тўпланадиган ва ёпиқ жамоат жойларида фойдаланилади. Янги қоидалар камида 31 мартга қадар амалда бўлади.
Аввалига кўчада ниқобда юриш тартибини фақатгина касалланиш хавфи паст даражада бўлган вилоятларда бекор қилиш режалаштирилган эди, аммо у бутун мамлакат бўйлаб жорий этилган. Таъкидланишича, бу Италия ҳукуматининг коронавирус чекловларини юмшатиш борасидаги биринчи қадамидир.
Италия аҳолисининг 80 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Сўнгги ҳафтада янги касалланиш ҳолати ва шифохонага ётқизилаётганлар сони секин-аста камаймоқда, бироқ қурбонлар сони доимий равишда юқорилигича қоляпти: суткасига ўртача 300—450 киши.
1 февралдан Италияда 50 ёшдан катталар учун коронавирусга қарши эмланиш мажбурий этиб белгиланди. Соғлиғи туфайли вакцинациядан озод этилган инсонлардан ташқари эмланмаган барча фуқаролар 100 евро миқдорида жаримага тортилади.
Аввалроқ Буюк Британия ва Норвегия коронавирусга қарши эмланганлар чегарани кесиб ўтгандан сўнг жойлаштириладиган карантин тартибини бекор қилганди. Шунингдек, Австрия Евроиттифоқ мамлакатларидан биринчи бўлиб мажбурий вакцинацияни жорий этган.
Изоҳ (0)