Johnson & Johnson компанияси коронавирусга қарши яроқли вакциналар партиясини ишлаб чиқаётган ягона заводини ёпди, деб хабар беради Reuters.
The New York Times газетасининг маълум қилишича, корпорация Нидерландиянинг Лейден шаҳридаги заводини 2021 йил охирида ёпган. Бунинг ўрнига завод бошқа вирусдан ҳимоя қилувчи экспериментал, аммо потенциал фойдали вакцинани ишлаб чиқармоқда.
Компаниядагиларнинг таъкидлашича, Johnson & Johnson’нинг омборларида ҳозирда миллионлаб доза вакцина бор ва у ўз заводларини вакцинани ишлаб чиқаришда керак бўладиган доривор воситалар билан таъминлашни давом этяпти.
«Биз COVAX Facility ва Африка иттифоқи бўйича шартнома мажбуриятларимизни бажаришни давом этяпмиз», — дейилади компания баёнотида.
Аниқлик киритилишича, заводнинг тўхтатилиши вақтинча — бир неча ойга бўлиб, кейинроқ компания ишлаб чиқаришни қайта тиклайди. Аммо агентлик маълумотларига кўра, заводнинг вақтинча тўхтаб қолиши J&J вакциналарини етказиб беришни бир неча юз миллион дозага қисқартириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февралида АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика бошқармаси (FDA) Johnson & Johnson компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг мамлакатда қўлланилишига рухсат берганди. Ўшанда вакцинадан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рухсат берилган ва у билан 18 ёшдан ошган фуқаролар эмланиши белгиланган эди. Johnson & Johnson вакцинаси бир маротаба қилинади. Апрель ойида эса АҚШда Johnson & Johnson билан эмланганларда ножўя таъсирлар пайдо бўлгач, иккита вакцинация маркази ёпилган эди.
Аввалроқ Буюк Британияда коронавирусга қарши Novavax вакцинасидан фойдаланишга рухсат берилгани, Pfizer омикронга қарши вакцинанинг клиник синовларини бошлагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)