Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, 6—7 февраль кунлари А-373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Қамчиқ довони ҳудудидан ўтган қисмига қор ёғиши кутилмоқда, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, довонда вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик, туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 17-22 метр/сония ва қисқа вақтларда 25-27 метр/сониягача кучайиши, автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчилардан барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўрайди.
Эслатиб ўтамиз, Қамчиқ довонига 28 январь куни ҳам қор ёғганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўлни қордан тозалаш ва музламалар ҳосил бўлишининг олдини олиш ишларини мувофиқлаштириб борган.
Изоҳ (0)