Жорий йилдан бошлаб Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимлари зарурат туғилганда ўқотар табел қуролига муқобил тарзда электрошок қурилмаларидан фойдаланишлари мумкин. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари жамоат тартибини сақлаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мақсадида ушбу ускуналар билан таъминланган. «Электрошок қурилмалар ҳуқуқ-тартибот ҳимоячиларининг фаол ҳимоя воситаси бўлиб, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган ёки унга фаол қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари «Қурол тўғрисида»ги ва «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ махсус воситалар, шу жумладан, электрошок қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрошок қурилмалар, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмаларнинг чиқиш параметрлари мувофиқлиги лозим бўлган нормаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида ходимлар билан ўқув машғулотлари ўтказилган ва синов имтиҳонларини муваффақиятли топширганларга сертификатлар топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 сентябрдан бошлаб ички ишлар органлари ходимлари томонидан электрошокердан фойдаланиш бошланганди. Аввалига Фарғона, сўнг Сурхондарё ИИБ ходимларига электрошок қурилмалари топширилди.
Изоҳ (0)