АОКА «Кинотеатр» телеканалида эфирга узатилган «Баунти» фильмидаги очиқ саҳналар юзасидан экспертлар жалб қилинган ҳолда ўрганиш олиб борилаётгани ҳақида хабар берилганди. Агентлик ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан «Кинотеатр» телеканали Эфирга тайёрлаш гуруҳи масъули А.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, телеканал мутасадди раҳбари Н.Б.га ҳайфсан жазоси қўлланилган.
Телеканал Бадиий кенгаши томонидан теледастурлар савияси экспертлар иштирокида атрофлича ва танқидий руҳда муҳокама қилинган. Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан ташкилий, ижодий-техник чора-тадбирлар белгиланган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этгани айтилган кадр тарқалгани, АОКА ҳолат назоратга олиниб, текширув ишлари бошлангани маълум қилинганди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сериалдаги ахлоқсизлик саҳналари юзасидан экспертиза ўтказди. Экспертиза натижалари кўра, лавҳа сюжетидаги ўғрининг аёлга қилган хатти-ҳаракатлари куч ишлатиш йўли билан номусига тегишга уриниш саҳнаси сифатида баҳоланди. Бундай телесериалларнинг намойиш этилиши ёшлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга мойилликни оширишга хизмат қилади. «Сабрия» номли миллий телесериал бўйича тайёрланган экспертиза хулосаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага жўнатилган.
Изоҳ (0)