Тошкент шаҳрида тадбиркорни 77 минг долларга чув туширган икки фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Тергов департаменти.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 июль куни 39 ёшли Б.А. ва А.У. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Яшнобод тумани Боку кўчасида жойлашган «Стекловокнистая пластмасовая труба» корхонаси раҳбари — 55 ёшли У.Х.нинг ишончига кирган. Улар Фарғона вилояти туманлараро судининг 1,7 миллиард сўм ундириш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажримни Олий судда ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, У.Х.дан 77 минг доллар миқдоридаги пулларни олиб, уларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборишгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсларга нисбатан Жиноят кодекснинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонларсиз олиб бермоқчи бўлган инспектор ушлангани, Тошкентда ҳокимлик захирасидаги ерни 420 минг долларга сотмоқчи бўлган корхона ходими қўлга олингани, Бухорода пора эвазига 50 гектар ер олиб беришни ваъда қилган ҳокимлик бош мутахассиси ушлангани, Фарғонада прокурор 1000 доллар пора билан қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.