Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Тавҳид ва жиҳод катибати» номли террорчилик ташкилотининг бир гуруҳ аъзолари ушланди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, улар Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келган.
Аниқланишича, «Тавҳид ва жиҳод катибати» тарафдорларининг сони 30 нафарга яқин бўлиб, асосан ёшлардан иборат ва уларнинг айримлари Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда мактаб ўқувчилари орасида жиҳод ва ҳижрат ғояларини тарғиб қилган шахсларга суд ҳукми ўқилгани, Тошкент вилоятида Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган шахслар қўлга олингани, Самарқандда «Жиҳодчилар»нинг 11 нафар виртуал аъзосига ҳукм ўқилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)