Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасаларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди.

Вазирлик хабарига кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги, шунингдек, мамлакатнинг барча туман ва шаҳар ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларидаги электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди ва шифохоналар одатий иш тартибида фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг қатор вилоятлари 25 январь куни соат 11:00 ларда электр энергияси таъминоти узилганди. Шу куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев свет ўчишидан хавотирланишга ўрин йўқлигини, барча операцион блоклар қўшимча таъминот генераторларига уланганини «Дарё»га маълум қилди.

Шунингдек, ССВ мамлакатдаги барча тиббиёт муассасалари, хусусан, улардаги реанимация бўлимлари, туғруқ комплекслари ва коронавирусга ихтисослашган шифохоналарда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда электр таъминотида узилишларнинг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилаётганини эълон қилганди.