Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Судан билан ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақида ЎФА матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: ЎФА

Дубайдаги ўқув-машғулот йиғини давомида Ўзбекистон терма жамоаси 27 январь куни Жанубий Судан терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида иштирок этади. Аввалроқ, терма жамоа Баҳрайн билан ўртоқлик ўйини ўтказиши хабар қилинган эди. Аммо Баҳрайндаги эпидемиологик вазият сабабли ушбу жамоа БААдаги йиғинни бекор қилишга мажбур бўлди. Натижада Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Судан билан ўйин ўтказиш борасида ўзаро келишувга эришди.

Учрашув 27 январь куни 18:00 да бошланади.

Қайд этиш керак, ЎФА баёнотидаги матнда Жанубий Суданга қарши ўйинни назорат учрашуви сифатида қайд этилган. ФИФА кунларида ўртоқлик ўйини эмас назорат учрашуви ўтказиш мантиққа тўғри келмагани боис «Дарё» бу масалага ойдинлик киритиш учун ташкилот матбуот хизмати билан боғланди. Маълум бўлишича, мазкур ўйин халқаро ўртоқлик учрашуви мақомида ўтади. Маълумот учун, назорат ўйини мақомидаги баҳслар ФИФА томонидан инобатга олинмайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 23 январь куни «Ал-Ваҳда» жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Унга қадар терма жамоа 2021 йилнинг сентябрь ойида Швецияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Октябрь ойидаги ўртоқлик учрашувларида Малайзия (5:1) устидан ғалаба қозониб, Иорданияга қарши ўйинда (0:3) енгилди. Ноябрь ойида эса Грузияга кичик ҳисобда (0:1) мағлуб бўлди.