25 январь соат 11:00 ларда Ўзбекистонда бошланган электр энергияси узилиши ҳамон давом этмоқда. Кутилмаган ҳодиса кўплаб соҳаларга, хусусан, бизнесга катта салбий таъсир кўрсатмоқда. «Дарё» мухбири электр тизимидаги давомли узилишларни иқтисодий соҳаларга қай даражада таъсир қилганини аниқлаш мақсадида Молия вазирлиги билан боғланди.
Вазирлик матбуот котиби Дилдора Жўраеванинг маълум қилишича, бу бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
«Ҳаммаси вазиятнинг тезроқ тикланишига боғлиқ. Айни пайтда ҳудудларда электр энергиясини тиклаш ишлари бошланган. Барча ҳисоб-китоблар ҳар бир тармоққа ҳақиқий таъсирни ўрганилгандан сўнг амалга оширилади», — деди вазирлик вакили.
Аввалроқ Ўзбекистон электр таъминотидаги узилишлар Қозоғистон электр тармоғида катта авария бўлиши сабабли юз бергани маълум қилинганди. Электр энергиясидаги узилишлар республиканинг Тошкент шаҳри ва вилояти, Наманган, Самарқанд, Жиззах ва Қўқон шаҳарларида кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги хабарига кўра, айни пайтда мутахассислар томонидан носозликни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ҳожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган. «Дарё» нашри ходимлари ва ўқувчиларининг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр таъминоти тикланмоқда.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)