Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, мамлакат сенатининг собиқ раиси Дариға Назарбоева коронавирусга чалинди. Бу ҳақда унинг ёрдамчиси «Орда.кз» порталига маълум қилган.
«Оғирлик даражаси ўртача», — деган Назарбоеванинг ёрдамчиси. Унинг сўзларига кўра, Назарбоева айни дамда «Олмаотадаги уйида».
Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) матбуот хизмати ҳам унинг касаллик таътилида эканини ва шунинг учун йиғилишда иштирок этмаганини тасдиқлаган.
Дариға Назарбоева 1963 йилда Темиртау шаҳрида туғилган. У Ломоносов номидаги Москва давлат университетини ҳамда Киров номидаги Қозоғистон давлат университетини (ҳозирги Қозоғистон миллий университети) тамомлаган.
У сиёсатга 2000 йилларнинг ўрталарида кириб, парламент қуйи палатаси депутати бўлган. 2015—2016 йилларда Назарбоева Қозоғистон бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2016 йилдан у парламентнинг юқори палатасига кирди ҳамда халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасига раҳбарлик қила бошлади.
2019 йилнинг март ойида Назарбоева Қозоғистон парламенти Сенатининг раиси этиб сайланган. Унинг Сенат раҳбари лавозимига тайинланиши, шунингдек, Тўқаевнинг президент сифатида аввал тайинланиб, сўнг сайланиши Нурсулотн Назарбоев 2019 йилда истеъфога чиқишини эълон қилганидан кейин ҳокимиятдаги ўтиш даврида содир бўлган. Бироқ 2020 йилнинг май ойида Тўқаев Дариға Назабраеванинг сенаторлик ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Ўшанда бунинг сабабларига аниқлик киритилмаган.
Назарбоева парламент раислигидан истеъфога чиққач, унинг исми Ғарб матбуотида кенжа ўғли Айсултон Назарбоевнинг баёнотлари муносабати билан тез-тез тилга олинарди. 2020 йилнинг февралида Айсултон «Россия ва Қозоғистон ҳукумати ўртасидаги йирик коррупция» ва «халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар» ҳақида маълумотга эга эканини маълум қилган, шунингдек, Буюк Британиядан сиёсий бошпана сўраган. Бир неча ой ўтгач, Қозоғистон биринчи президентининг набираси Лондонда юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)