У ғамгин кўринар ва доимо норози кайфиятда эди. Унинг сокин ҳаракатларида ҳеч қандай шовқин йўқ эди. Жуда кам гапирарди, фақатгина суҳбатдошини жим бўлишга мажбур қилиш учунгина оғзини очарди. Шу билан бирга унда қасддан тажовузкорлик ва сохта шафқатсизлик йўқ эди. Шунчаки ўзи ва бошқалар унинг устунлигини тан олганди, шунинг учун ортиқча кўрсатмалар шарт эмасди.
Унинг иши ширин эмас, шундай бўлса-да ижобий тарафлари ҳам бор эди. У пул учун одамларни урарди. Айтиш керакки, буни яхши уддаларди. Ҳеч бўлмаганда, унинг юзига қараб, норозилигини билдирадиганлар топилмасди.
Жорж Техас штатининг аҳолиси йигирма мингга ҳам етмайдиган Маршалл шаҳарчасида дунёга келган. Кейинчалик оиласи билан бирга Ҳюстонга кўчиб ўтган. Болакай ёмон баҳолар, даҳшатли хулққа эга бўлиб, қоидаларни бузишга ўрганиб қолганди. Ўгай отаси ичкиликбоз, онаси эрта-ю кеч ишда бўладиган кўп болали оилада улғаяётган қора танли бола учун стандарт ҳолат.
Ўн олти ёшида мактабдан кетган Форман Американинг кам таъминланган оилаларига мутахассислик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли жойларга хизматларга жойлаштириш дастури — «Ишчи корпус»га аъзо бўлади. Бу ерда тўғри йўлга ўтишга қарор қилади ва дурадгорлик касбини ўзлаштиради, шу билан биргаликда бокс билан шуғуллана бошлайди. «Олтин қўлқоп» номли нуфузли мусобақада дебют иштирокидаёқ ғалаба қозониш ва Олимпиада финалида совет боксчиси Ёнас Чепулис устидан шафқатсизларча ғалаба қозонишга истеъдоди етарли эди. Кейинги йиқилиш навбати профессионалларга келди.
1968 йилги Олимпиададан бир йил ўтиб, профессионал фаолиятини бошлаган Форман уч йил давомида 37 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонди. Фақат уч жанг охиригача давом этган, қолганларида Жорж муддатидан аввал ғалаба қозонган.
Катта Жорж 10 январь куни 73 ёшни қарши олди. Қуйида унинг фаолиятидаги энг ёрқин жанглар ёдга олинади.
Жорж Форман — Жо Фрэйзер, 22.01.1973
Бунга қадар Форманнинг жуда кам рақиблари учинчи раундгача етиб борган. Жорж ва у билан рингга чиқадиган рақибларнинг барчаси буткул бошқа даражадек таассурот қолдирарди.Чемпион Фрэйзер умуман бошқа масала эди, супер оғир вазн тоифасидагиларни ҳаяжонга солган ушбу «Франкенштейн» билан кимдир жанг қила олса, ўша айнан Жо эди. Айнан Фрэйзер даҳшатли Алини попугини пасайтириб қўйганди.
Мухлислар муросасиз жангни кўриш учун тўпланди, лекин энг бошидаёқ бу кутилмалар билан хайрлашишга мажбур бўлди. Форман Фрэйзерни калтаклади ва дастлабки уч дақиқани ичида уч марта полга йиқитди. Иккинчи раундда ҳам калтаклар давом этди ва Жонинг бир нечта йиқилишидан сўнг ҳакам жангни тўхтатди.
Фрэйзерни Формандан анча заиф деб айтиб бўлмайди. Кингстонда бўлган воқеалар ҳамон тушунарсиз. Балки ёмон жисмоний ҳолат, балки рақибни етарлича баҳолай олмаслик, балки ақлий чарчоқ, эҳтимол санаб ўтилганларнинг барчаси. Бироқ филаделфиялик барзанги ҳаётидаги энг муҳим жангни ютиб бўлганди, у энг ўша вақтнинг энг кучли боксчиси (Муҳаммад Али) устидан ғалаба қозонган эди. Айнан шунинг учун у муваффақиятга у қадар интилмай қўйганди. Ҳа, у машҳур майатникини бураб қўйди, лекин ғолиблик формуласининг бошқа таркибий қисмлари йўқ эди. Босим, рингдаги доимий назорат, танага зарба ва яқин масофалардан чиқиб кетишлар йўқ эди. Балки шу жиҳат Катта Жоржнинг ўзидан олдин, ўз даврида ва ундан кейин фаолият олиб борган афсонавий боксчиларникидан фарқли зуваладан тайёрланганини исботлар.
Жорж Форман – Кен Нортон, 26.03.1974
Жангни соппа-соғ ҳолатда бошлаган Нортон биринчи раунд охиригача Форманнинг зарбаларини етарлича қабул қилди ва иккинчи раундга йўлини зўрға топиб чиқди.Ринг бўйлаб мунтазам ҳаракатланиш, иккинчи рақам бўлиб ишлаш ва Форманни чарчатиш режаси аввалига унча ҳам ёмон кўринмаган бўлса-да, дастлабки уч дақиқанинг шафқатсизлиги ва Катта Жоржнинг метиндек жанг услубига тўқнашиб, синди. Йигирманчи аср бошларига хос дўппослаш услубидаги ҳимояланиш манёври, кам, лекин оғир зарбалар ва турли кучли зарбалар серияси, айниқса, жуфт апперкот Нортоннинг оёқда туриш истагини йўққа чиқарди.
Мукаммал жисмоний ҳолат, ҳиссиз ва ҳеч нарсани англатмайдиган кўзлар, кўтарилган қўллар ва рақиб ким бўлишидан қатъи назар бефарқлик.
Ниҳоят 1974 йил октябрида Жорж Форман ҳаёти ва фаолиятида бурилиш содир бўлди. Заир (ҳозирги Конго ДР) давлатининг пойтахти қуёшли Киншасада тарихга «Ўрмон шовқини» (сўз ўйини – инглиз тилида «Rumble in the jungle») номи билан кирган жангда фаворит бўлишига қарамай Муҳаммад Алига мағлуб бўлди. Бу нафақат қаҳрамонимиз ҳаётидаги бурилиш нуқтаси, балки дунё маданияти векторини ўзгартирган асосий ҳодисалардан биридир.
Кассиус Клей (Алининг ҳақиқий исми) буюклик даражасига чиқмаган дунёни шунчаки тасаввур қилиб кўринг: Атлантадаги Олимпиадада машъалани бошқа кимдир ёқса, унинг сурати туширилган футболкалар сотувга чиқмаса, пуллари билан мақтанаётган спортчилар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлар, матбуот анжуманлардаги аҳмоқона жанжаллар минималга тушар эди. Лекин биз яшаётган дунёда Али барибир «Буюк». Шундай қола қолсин, баъзан Жорж Форман ғалаба қилган дунёни тасаввур қилиш қизиқ бўлса ҳам.
Жорж Форман – Рон Лайл, 24.01.1976
Баъзида жисмоний қайдлари мукаммал бўлган центнер оғирлигидаги икки эркак бир-бирини дўппослашини кўргинг келади. Гоҳида боксдан фақат шуни кутасан. Шунчаки, ортиқча ҳаракатларсиз, айёрона финтларсиз ва ёлғон манёврларсиз. Қаттиқ фронтал позиция ва икки қўл билан аёвсиз жанг – пиво бари олдидаги муштлашишга ўхшайди.Форман ва Лайл вазн меъёрларига кўра пишиқ комбинациялар қуради, бир-бирига қарама-қарши зарба беради, даҳшатли жеблари ва корпусга берилган алдамчи зарбалар билан хаёлий ҳимояни бузади. Ва ниҳоят, уч нокдаун ва бир нокаут. Ҳар бир зарба зарба эмас, ҳуштаклар билан эшитиладиган мусиқага ўхшайди. Баъзан зарба худди сизга тушгандек ҳам бўлади. Айниқса, Форман қўлини тебратиб, аста, лекин жаҳл билан моҳирона зарба берганда. Чунки қўлидан келади-да. Жоржнинг кучли зарбаси очиқ ва кутилган бўлса ҳам, рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирмасди. Техника, тактика, тайминг, буларнинг ҳаммасини қўйиб туринг – Жоржнинг зарбаси балки бокс тарихидаги энг кучли зарба эди ва бу ғалаба учун етарли эди.
Шундай қилиб, йил охиригача Форман Алидан мағлуб бўлганини ҳазм қилолмайди ва суст жанг қилади. Куч-қуввати яна тўртта жангда ғалаба қозонишга етар эди. Кейинчалик у Беверли Ҳиллз ва Ҳюстондаги уйларини, Ливермордаги ранчосини, бутун қиммат машиналарини сотади, айниқса уйидаги барча телевизорларни ташқарига отади – улар ўйлашга халақит берар эди. Жорж Форман рингдан ўн йилга кетади, воиз бўлиб, ўзини оғир хулқли ўсмирларни тарбиялашга бағишлайди.
Жорж Форман – Эвандер Ҳолифилд, 19.04.1991
Ўрта яшар ғаройиб боксчининг қизиқарли саргузашт ўлароқ бошланган ҳикояси анча даромадли шоуга айланиб, кулгили амаки ўзига хос тарзда анча-мунча ўртамиёна боксчиларни дўппослай бошлайди. Мўътадил суръатда у йилига беш нафар яхши боксчини мағлуб қиларди. Жорж барча учун кутилмаганда чемпионлик мақоми учун машҳурлик чўққисидаги Эвандер Ҳолифилдга қарши рингга кўтарилади.Қўл, оёқ ҳаракатлари, тренажор залидаги машқлар – Ҳолифилд меҳнаткаш йигит эканлиги кўриниб турарди. Исталган ўлчовда қаралса ҳам у кучли. Лекин бу бокс борасида шундай. Чунки Форман кўрсатаётган нарса бокс тушунчасидан кенгроқ. Форман боксга қайтгач, ўз қобилиятларини оддий тасвирлайди: «Анча кучлироқ бўлдим. Агар ўнг қўл билан ололмасам, боринг ана чап қўл билан ҳам ололмасам, менда доим қорин бор ва албатта, у билан оламан». Унинг ҳаракатлари мутлақо ностандарт эди. Ўз ҳимоя услубидан бошлаб, имконсиз позициялардан жуда ғалати бурчак остидан, ҳар қандай блокларни четлаб ўтиб, зарба берар эди.
Ҳолифилд барча раундлар давомида аниқ сериялар ёғдириб, деярли ҳар бир эпизодни ютиб чиққани билан, Форманнинг ноёб зарбалари анчагина кучлироқ зарар етказар эди. Ҳаттоки блокка тушса ҳам бу зарбалар ҳужум қилувчининг ёшига қарамай, рақибни титратади. Эвандер очколарга кўра ютаётган бўлса ҳам сўнгги икки раундда зўрға тик туриши, мунтазам клинчга киришиши ва жуда хавфли ҳаракат қилишини бошқачасига изоҳлаб бўлмайди.
Ҳа, Катта Жорж олдингидек ваҳимали кўринмаслиги, олдингидек ҳаракатчан бўлмаслиги, олдингидан кўримсиз бўлиши мумкин – бақбақаси ўйнаб ётган, боши билярд тошидек силлиқ, шортигини киндигигача кўтариб олган.
Жоржнинг ўзи Ҳолифилднинг қобилиятларини юқори баҳолаган эди: «Рон Лайл мен тўқнашган кишиларнинг энг кучлиси эди. Шеннонн Бриггс каби йигитлар менда таассурот қолдирмасди, чунки оддий спортчи эди. Улар менда ҳайрат уйғота олмаган, шунчаки калтаклардим. 70 йилларда жанг қилганларим 80 ва 90 йилларда тўқнашганларимдан жасурроқ эди, Эвандер Ҳолифилддан ташқари. Эвандер исталган даврда рақобатлаша оларди».
Жорж Форман — Майкл Мюрер, 05.11.1994
Яна бир имконият. Осон рақиб деб бўлмайди, камига Жорж ҳам ёш эмас. Уч йил аввалги Ҳолифилд билан жангга ўхшаб чемпионлик камарини қўлга киритишга ҳаракат қилган. У ёш болалар эртагидаги айиқни эслатарди — кўринишидан бесўнақай ва оқкўнгил, лекин бўри ва тулки ундан узоқроқ тургани маъқул.
Майкл Мюрер ўша тулки. Айёр, ҳисоблашиладиган боксчи. Ҳолифилд босим, тезлик ва доимий прессинг билан олган бўлса, Мюрер доим эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилган. Мюрер Форманга шошмасдан ҳужумга ўтиб, тартиб билан четга ўтган ҳолда рақибининг ўнг қўл зарбасидан ўзини олиб қочар ва раунддан раундга очко йиғиб борарди. Тўғри, у бу ишни борган сари олдингисидан ишончсизроқ амалга оширарди.
Мюрернинг тетиклиги 8 раундга етди, тўққизинчи раундда Жоржнинг эринчоқ иккилик зарбаларига диққатини қарата олмай қолди. Ўнинчи раундда Майклнинг зарбаларга муносабат билдиришни хоҳламагани яккакурашлар тарихидаги сенсацион натижалардан бири юз беришига олиб келди — 44 ёшли Жорж Форман жағга берилган аниқ зарба билан енгилмас чемпионни чуқур нокаутга учратди ва орадан 21 йил ўтиб, яна бир бор камарни қўлга киритди.
Ҳа, у йигирма йил аввалгидек ягона эмасди. Аммо ўша дамда Жорж ғалабадан сўнг ринг бурчагида чўккалади, ниҳоят бахт унга кулиб боққан эди. Унга қадар бўлган йўлда бурчакларни кесиб ўтмади, ўз идеалларидан воз кечмади, ўз репутациясига путур етказмади, мамлакати ва боксга содиқ қолди. 44 ёшида супер оғир вазн тоифасида энг ёши катта чемпионга айланиб, Американинг севимлилар пантеонига киришга лойиқ эди.
Мавзуга доир
- «У казинода миллионлаб доллар ютқазар ва ўзини дунёни ушлаб қўйгандек тутарди». Қимор, ичкилик ва кўнгилхушлик гирдобидан чиқишга муваффақ бўлган Мэнни Пакьяо ҳикояси
- Рингда рақиблар, судда эса ҳукумат билан курашган, спорт тарихидаги энг буюк шахс — Муҳаммад Али
- Жиноят оламини тарк этиб, бокс афсонасига айланган балтиморлик «қоя». Ҳасим Раҳмон фаолиятига назар
Изоҳ (0)