Россияда артист Леонид Куравлёвнинг коронавирусга чалингани гумон қилиниб, у шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Starhit.ru» хабар берган.

Леонид Куравлёв

Фото: «ВКонтакте»

Хабарга кўра 85 ёшли актёрнинг иккала ўпкаси яллиғланган ва у жонлантириш бўлимида шифокорларнинг доимий назоратига олинган. Қон сатурацияси муолажалардан кейин меъёрий ҳолатга қайтмоқда, бироқ қон босими ҳамда тана ҳарорати пасайиб кетган.

Коронавирусга чалингунига қадар Куравлёв нафас олишга қийналар, сўнгги вақтларда юрак қон-томир касаллиги асоратлари билан курашиб келар, шунингдек, актёр артериал қон босимининг юқорилиги туфайли тез-тез боши айланаётганидан шикоят қилган.

Куравлёв МДҲ давлатларидаги телетомашабинларга «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради», «Афоня», «Ҳаёт учун хавфли», «Тўғри сўзнинг тўқмоғи» ва бошқа фильмлар, сериаллардаги роллари билан танилган. Фаолияти давомида 200 дан ортиқ фильмларда суратга тушган.

2021 йил февралида «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильми юлдузи Леонид Куравлёвнинг ОАВ ва жамоатчиликдан узоқлашгани ҳақида хабар берилганди.