Владимир Путин СССР таркибида бўлган мамлакатлар устидан Россиянинг таъсир доирасини тиклашни истайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен даъво қилди, деб хабар беради «Коммерсантъ».

Фото: CNN

Унинг сўзларига кўра, бу каби сиёсат беқарорликка ва жаҳон урушларига олиб келади. АҚШ давлат котиби бу каби баёнотни Россия иштирокида ўтказиладиган қатор учрашувлар олдидан маълум қилган. Мазкур учрашувларда Россиянинг собиқ иттифоқ давлатларини НАТОга қўшмаслик талаби ҳам муҳокама этилади.

«Ўйлашимча, ҳа», — дейди Блинкен собиқ мудофаа вазири Леон Панеттанинг фикрларига қўшилиш-қўшилмаслик борасидаги саволга. Олдинроқ у Владимир Путин СССРни қайта тиклаш ниятида эканини билдирганди. «Фикримча, бу президент Путиннинг мақсадларидан бири: собиқ совет давлатлари устидан таъсир доирасини қайта тиклаш», — деган давлат котиби CNN’га берган интервьюсида.

Энтони Блинкен бундай ниятни номақбул деб атаган. «Биз таъсир доиралар дунёсига қайта олмаймиз. Бу беқарорлик, можаро рецепти, жаҳон урушларига олиб келган рецепт. Бунга қайтишни истамаймиз», — дейди у.

10 январь куни Женевада Россия—Америка музокараларининг асосий раунди, 12 ва 13 январь кунлари Брюсселда Россия кенгаши—НАТО ва Венада ЕХҲТ музокараларини ўтказади.

Европада хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар 2021 йилнинг сўнгги ойларида бошланди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва НАТО билан келишув лойиҳаларини эълон қилди. Россия томони бошқа нарсалар қатори НАТОдан шарққа томон кенгаймасликни ҳамда Украинани альянсга қўшилишдан четлаштиришни сўраган.