Ижтимоий тармоқларда «Бу нима аҳвол, энди маскалилар халқни урадими?» сарлавҳали видеолавҳа тарқалди. Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, туман ИИБ навбатчилик қисмига 7 январь куни келиб тушган хабар асосида Ички ишлар ходимлари терговга қадар текширув ўтказган. Унда шу куни соат 08:00 ларда Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият олиб борувчи Golden like fish МЧЖга тегишли балиқчилик базасида ушбу МЧЖда ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда, яъни қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар ва шу ҳавзада балиқ овловчи овчилар ўртасида келишмовчилик юзага келгани аниқланган.

Назоратчи инспекторлар овчиларни ичкарига кириши учун паспорт нусхаси талаб қилган. Балиқчилар норози бўлиб, ёлланма ишчиларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган ва жамоат тартибини бузган.

Қайд этилишича, қора рангли либослар кийиб, юзларига ниқоб таққан ҳолда, қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар шартнома асосидаги ёлланма фуқаролар, Ички ишлар ходими эмас. Уларнинг эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олгани юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.