Ушбу ҳикоя олтин навоийликлар ҳаётини қандай ўзгартириб юборгани ҳақида. У кимнидир бой, кимнидир хонавайрон қилган, кимнингдир эса ҳаётига зомин бўлган. UzNews мухбири Константин Башлаев бир неча кунини Навоий вилоятининг қонуний ва ноқонуний олтин конларида ўтказди. У ердаги ҳаёт ва турмуш тарзи ҳақидаги кўрган-кечирганларини эса «Дарё» ўзбек тилига таржима қилди.
Навоийда биринчи кун. Тонг саҳар. Ҳавода кимёвий моддалар ҳиди анқийди. Шаҳар ҳамма томондан йирик заводлар билан ўраб олинган: Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК), Гидрометаллургия заводи (GMZ), Навоийазот ва бошқалар. Сўнггиси атрофдаги барча кислородни ютиб, ўрнига шаҳар тепасида гумбаздай осилиб турган, заҳарли, сариқ тутун булутларини чиқаради. Ёзда Навоийда жазирама иссиқ +54 С°, қишда эса -15 С° совуқ. Маҳаллий аҳоли қишда бу ерда деярли қор ёғмаслигини айтади. Улар бу аномалияни атмосферага тарқалаётган зарарли чиқиндилар билан боғлайди. Республиканинг бошқа минтақаларига қараганда бу ерда кўпроқ одам онкологик касалликлардан азият чекмоқда. Навоийликлар бундай муҳитда камдан-кам ҳолларда 75—80 ёшгача умр кўради.
Бу ерда ичимлик суви «ўлик» — хлор билан тўйинган, таъми ва ҳиди ёқимсиз. Қурби етадиганлар уйига 20 литрли елим идишларда қадоқланган сув сотиб олади. Овқатга ҳам ўшандан ишлатади.
Қувонарли томони, Навоийда велосипед транспорти кенг тарқалган. Жума намози пайтида масжидлар яқинида тўлиб кетган автотураргоҳларга, Тошкентдаги каби машиналар тирбандлигига дуч келмайсиз. Бу ерда масжидга, асосан, велосипедларда қатнашади. Уларни масжид яқинидаги дарахтларга боғлаб қўйишади. Ҳар бир дарахт тагида биттадан велосипед. Навоийда йўллар аҳволи нисбатан яхши. Чунки шаҳарда асфальт заводи бор. Ҳеч қаерда ахлат қутиси йўқлигига қарамай, атроф, умуман олганда, жуда тоза.
Навоий вилоятида сайёрадаги энг йирик «Мурунтов» олтин кони мавжуд. 2020 йили бу ерда, тахминан, 56,7 тонна олтин қазиб олинган. Бир вақтнинг ўзида бошқа ўнлаб олтин конларидан қимматбаҳо металларни қазиб олаётган супергигант НКМК ушбу соҳани ривожлантирмоқда. У ушбу минтақада олтин ишлаб чиқарадиган ягона саноат корхонаси ҳисобланади. Монополист десак бўлади. Лекин бу «махлуқ» учун ишлаш ноқулай бўлган жойлар ҳам бор. Шундай конларга ноқонуний олтин изловчилар — маҳаллий қишлоқлардан чиққан оддий одамлар «суқилиб киради». Улар, одатда, ишсиз бўлади ёки кам маош олади.
Қора кончилар
«Тиллатоғ» кони. Самарқанд вилояти Пахтачи тумани. Теварак атрофда — қуёш нури ялаган шип-шийдам саҳро. Рўпарангда дўнгликлар ястаниб ётибди. Йўлнинг икки чети бўйлаб тош жинс чиқиндилари уюми қатор чўзилиб кетган. НКМК аллақачон кон ишларини бошлаб юборганди, катта ўра қазилганди. Аммо кейин ишлар тақа-тақ тўхтади. Қазиш ишлари самара бермади. Ускуналар олиб кетилди, лекин чуқур қолди, у аста-секин ерости сувлари билан тўлиб, кўлга айланди. Комбинат учун олтин қазиш ноқулай бўлган жойларда ноқонуний олтин изловчиларга манфаат бор. Бу ерда, қаёққа қарама, қўл билан ковланган, чуқурлиги юзлаб метрга етиши мумкин бўлган шахта ўқларини кўрасан. Уларнинг барчаси қаттиқ тоғ жинсларидан иборат.Бу ерга дўнгликлар оралаб ўтувчи биргина чанг-тупроқли йўл орқали келиш мумкин. Олтин изловчилар Damas’имизни бир километр наридан пайқайди. Улар бу ерда бутун бошли кузатув тизимини ишлаб чиққан. Дўнгликлар тепасида хавф яқинлашаётганидан огоҳлантирувчи «разведкачилар» ўтирибди. Олтин изловчилар тоғ ва геологик ишларни назорат қилиш мақсадида инспекторлар томонидан ўтказиладиган рейдлардан жуда қўрқади. Агар уларни ушлаб олишса, 7 миллион сўмдан кўпроқ жаримага тортишади. Иккинчи бор ушланса, 14 миллион сўм. Маҳаллий аҳоли учун бу ҳукмдай гап. Республикада 2021 йилнинг етти ойи давомида 162 нафар ноқонуний олтин изловчи жаримага тортилган. Нотаниш машинага кўзи тушган заҳоти қонунбузарлар шахтадаги кириш ва чиқиш йўлларини беркитиб, ўзлари тумтарақай қочиб кетади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Юқоридагиларнинг ҳаммаси қочиб кетди. Ер остидагиларнинг барчаси яширинди. Улар хавфдан аллақачон огоҳлантирилганди.
Бу ердаги шахталар диаметри бир метрдан сал ошади. Чуқурликда, одатда, бир неча одам ишлайди. Улар қаттиқ жинсни ўйиб, олтин конини қидиради. Таркибида олтин бўлган рудалар қопларда ташқарига олиб чиқилади. Смена тугагач, уларни «Москвич» ва «Жигули»ларга юклаб, ювиш ускуналари яширинча сақланадиган қишлоққа олиб боришади. Руда майдалагичдан ўтказилиб, сўнг концентрат ювилади. Олтин изловчилар қўлга тушиб қолмаслик учун, одатда, тунда ишлашга ҳаракат қилишади. Улар йил бўйи — қишин-ёзин тер тўкади. Аёзли об-ҳаво шароитида қалин кийимларга ўраниб ишлашади.
Бу каби шахталарда ишлаш катта хавф туғдиради. У исталган пайтда ўпирилиб кетиши мумкин. Кон тепасида ҳаракатланаётган изловчилар йиқилиб, ҳалок бўлган вазиятлар ҳам бўлади. Тошларни электр перфораторлар билан ўядиган олтин изловчилар ҳам бор. Улар бензин билан ишлайдиган генераторни ер остига олиб тушиб, чиқинди газлар туфайли тириклайин ёниб кетади. Навоий вилояти Хатирчи туманидаги «Олтинсой» конида тўрт киши ҳудди шу тарзда ҳалок бўлган. Яна уч нафари шифохонага ётқизилган. Олтин изловчилар шу каби хавф-хатарлардан хабардор эканига қарамай, ер остига тушишда давом этаверади. Чунки улар умр кечирмаяпти, балки жон сақлаяпти. Аксари бойиб кетишни эмас, оила боқишни мақсад қилган.
Олтин изловчиларнинг кўпи шахталарда болалигидан бери ишлайди. Улар бундан бошқачароқ ҳаётни кўрмаган. Кўпи бугун оиласи бағрига қайта олмай қолиши мумкинлигини ҳам яхши билади. Уларнинг аксарияти 50 ёшга етмайди. Кимдир шахта остида қолиб кетади, кимнидир перфораторнинг очиқ симидан чиққан ток уриб, ўлдиради, кимдир арқондан қулаб тушади. Яна кимдир олтин конини топиб, бойиб кетади.
2012—2013 йиллари бу ерда «олтин васвасаси» авжига чиққанди. Юзлаб одамлар «Тиллатоғ» конига ёпирилиб кела бошлади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, барча тепаликлар ноқонуний олтин изловчиларга тўлиб кетган. Улар бу ерга машинада оила аъзолари билан келарди. Кирка ва белкураклардан фойдаланиб, рудани қазиб олишарди ва олиб кетишарди. Чинакамига олтин жиннисига айланишганди. Шахталарда одамлар ҳалок бўла бошлагач, махсус хизматлар ишга киришди ва барча олтин изловчиларни у ердан ҳайдади. Ўшандан бери «олтин васвасаси» барҳам топди. Фақат юқорида айтилган айрим қазувчиларгина қолди.
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда олтин излаб топиш тақиқланган эди. Кон қазиш ишлари билан фақат мамлакат «титан»лари — Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари шуғуллана оларди. Барча маблағ уларга сарфланган. Лекин уларнинг бу ишга ўқуви йўқ. Рудани саноат йўли билан қазиб олиш учун мураккаб инфроструктура керак: алоҳида темир йўл, баҳайбат «БелАз»лар, хусусий электростанция, бир неча тоннали экскаваторлар ва ҳоказо. Шу боисдан улар қазиш ишлари харажатларини қоплаш мақсадида йирик конларга «ўрнашиб» олишни маъқул кўради. Аммо шундай бўлдики, кўплаб майда олтин конлари тегилмай, келажак учун сақлаб қўйилди.
Қишлоқ одамлари ўз ерини яхши билади. Улар, шунингдек, геологлар олтинни қайси тошлар орасидан излаб топишини ҳам билади. Ишсиз одам айнан ўша ерни кўзлайди. Бу ерда ҳатто ўтлар орасидан ҳам олтин топиб олиш мумкин, тасаввур қиляпсизми? Ҳикоя қилишларича, қишлоқ одамларидан бири қучоққа сиғгулик майсани илдизи билан юлиб олади, унинг орасида эса майда олтин бўлакчалари бор экан. Янгилик тез орада бутун қишлоққа тарқаб, ҳамма ўт юлиб, куйдириб, кул ичидан соф олтин қидиришга тушиб кетибди. Шундан кейин ҳам васвасага тушмай бўладими?
Тақиқланган йиллар давомида олтин излаб топиш жиноий тус олди. Ноқонуний олтин қазиб олувчилар олтинни қора бозорда пуллайди, бошқалар қонунга хилоф равишда чет элга олиб чиқади. Ҳукумат эса миллиардлаб зарар кўрмоқда. Энг даҳшатлиси, фалокатлар юз беряпти.
Бу билан қандай курашиш мумкин? 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати олтин қазиб олишга қўйилган тақиқни бекор қилди. Президент Шавкат Мирзиёев олтин қазиб олишни қонунийлаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Энди у тадбиркорликнинг алоҳида тури ҳисобланади. Тартибга солишдан мақсад кончилик саноатини даромадли, шаффоф ва хавфсиз бўлишини таъминлашдир. Олтин қазиб олувчилар барча турдаги солиқлардан озод этилди. Олтинга бой ерлар бир гектар ҳажмда сотилади. Электрон кимошди савдоси орқали уни сотиб олиш ва олтин қазиб олувчи лицензиясини қўлга киритиш мумкин. «Олтин» участканинг бошланғич нархи 7,5 млн сўм.
Навоийдаги иккинчи кун. Биз «Оқтошсой»га — шаҳардан 40 километр узоқликдаги олтин конига йўл олдик. Навоий вилояти Навбаҳор тумани Ижанд қишлоғи яқинида. Яна ўша дашт, яна ўша чанг йўллар. Атрофда бирорта дарахт йўқ, ҳаммаёқда фақат исириқ ўсиб ётибди. Уни бу ерга ҳеч ким экмаган. Баҳорда бу ерда тошбақалар кўп бўлади, ёзда йўлингиздан кўрсичқон ва калтакесак чиқиши мумкин. Бу яқин атрофда сув умуман йўқ. Баҳорда фақат тоғдан сой оқади, аммо ёзга бориб қуриб қолади. Маҳаллий аҳоли бу конни «Уч тут» деб атайди, яъни, «Учта тут дарахти» маъносида. Тутлар бу ерда чинданам бор, фақат учта эмас, тўртта.
Биз бу ерда ёш олтин қазувчи Ойбек Раҳмонов билан учрашамиз. У 31 ёшда. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Олтин қазиш тўғрисида у тасодифан билиб қолган. Оиласининг яқин дўсти — навоийлик олтин қазиб олувчи одам олтинга бой бир яхши жой топганини айтган. Аммо унда ерни сотиб олишга пул йўқ эди. Ойбекнинг оиласи олтин изловчига ёрдам беришга қарор қилади ва унга сармоя киритади. Кимошди савдосида уч гектар ерни сотиб олишади. Ижарага керакли жиҳозларни олиб, конга келтиришади. Олтин изловчи конни топган ва уч ой ичида олтинни қазиб олган. Аммо Ойбекка олтинни йўқ деб айтган.
Олтин изловчи бизни алдаганини билиб қолдик, — дейди Ойбек. —Конни топиб, бу ҳақида бизга айтмаган ва олтинни яширинча ўзи ювган. Ўйлашимча, мўмайгина даромад ҳам қилган — 20 000 доллар. Уни қувиб юбориб, ўзимиз ишлай бошладик кейин.Февраль. Конда изғирин шамол эсяпти. Ойбек бу ерга дадаси, амакиси ва поччаси билан бирга келди. Ишни контейнерни ўрнатиб, печни қиздиришдан бошлашди. Бу оилада ҳеч ким олтин қазиб олиш бўйича тажрибага эга эмасди.
«Белкураклар билан иш бошладик, нима қилишни билмасдик, — дейди Ойбек. — Тоғоралардан фойдаланардик, тошни қўлда ювардик. Маҳаллий олтин изловчилар ва чўпонлар бизга олтинни қандай ювишни ўргатди. Аввал уларнинг ишини кузатиб турамиз, кейин ўзимиз уриниб кўрамиз. Майда олтин заррасини топиб олганда қувониб кетгандик. Бир грамм олтин ҳосил бўлиши учун мингта шунақа зарра керак.
Юзлаб тонна тошни қўл билан ювишнинг имкони йўқ. Шу сабабли оила аъзолари ювиш ускунасини ясашга қарор қилишди. Интернетдан маълумот қидиришди, YouTube’да видео томоша қилишди, аммо ускунани ясаш бўйича чизмаларнинг батафсил тавсифи ҳеч қаерда йўқ эди. Жамоа тўрт ой ичида ўзи яратган чизмага кўра шахсий ювиш мосламасини — бутарани (қазиб олинган тош массасини ювишда ишлатиладиган барабанли машинанинг бир тури) яратдилар. Шу тариқа, олтиннинг илк граммлари қўлга киритилди.
Олтин қазиб олишда анъанавий технологиядан фойдаланилади. Таркибида металл бўлган жисм бункерга юкланади, у ерда сувнинг кучли босими билан ювилиб, махсус мосламага — ғалвирга тушади. У айланаётган пайтда барча кераксиз тошлар пастга тушиб кетади, олтин эса ғалвирланиб, шлюз бўйлаб сузишда давом этади. Олтин энг оғир металл сифатида резина шолчалар хоначаси (ячейкаси)дан жой олади. Суткада бир марта шолчалар тоғораларда ювилади ва ҳосил бўлган майда қум, олтин концентрати сўнгги ювиш жараёни учун лагерга олиб борилади.
Бу ернинг олтини табиий. Унинг пробаси 790 дан 890 гача турланади. Ойбек қазиб оладиган соф олтин пробаси 860—870 га тенг. Топилган энг катта соф олтин 3,2 граммни ташкил қилган. Бир грамм олтиннинг ўртача нархи — 500 000 сўм. Топилган барча олтинни олтин қазувчилар биржа нархи бўйича Навоий кон-металлургия комбинатига ва заргарларга сотиши керак.
Ишлаб чиқариш ҳажми тижорат сири бўлгани учун бизга ошкор қилинмади, аммо харажатлардан тортиб, ер участкалари нархигача — ҳаммасини айтишди.
Биз бир гектар ер учун ўртача 15 миллион сўм сарфладик, — дейди Ойбек Раҳмонов. — Ҳозир участкалар қимматроқ туради. Бу ерга ҳаммадан илгари келганмиз. Қазиш ишлари учун кетадиган харажатларни грамда ҳисоблаймиз. Самосвал ва экскаваторлар учун кетадиган кунлик харжимиз — 40 граммлар атрофида. Камроқ қазиб олсак, зарарга кетамиз. Кимдир кунига 140 грамм харажат қилади. Ҳаммаси топилаётган олтин ҳажмига боғлиқ. Битта генератор 220 литр ёқилғи «ейди», иккита экскаватор учун кунига 500 литр солярка кетади, бу ёқда самосваллар ҳам бор... Бир ярим кун ичида 1 тонна солярка ёқамиз. Олтин қазиб олишга жуда катта харажат кетади. Олтин қазиб олиш билан шуғулланиш учун бошланишига 40 000 доллар керак. Кам маблағ билан бошлаш жуда қийин. Техника ижараси ва ёқилғига жуда катта пул керак. Биринчи икки ойликда топган фойдангизнинг барчаси харажатларни қоплашга кетади.
Олтин изловчилар лагери — кўплаб километр наридаги, сув, егулиги бор, жазирама ва изғириндан сақланиш мумкин бўлган ягона жой. Ёзда олтин изловчилар ё контейнерларда, ё ташқаридаги бостирма тагида ухлайди. Қишда ўтовга киришади. Ҳа, бу ерда Қозоғистондан олиб келинган ҳақиқий ўтов бор. Унинг ичига ўргимчак, чаён, қўнғизлар киролмайди, чунки у қўй жунидан тайёрланган. Бу ҳашаротларни қўрқитади.
Конда артезиан сувидан фойдаланилади. Олтин изловчилар қудуқ қазишган. Бу сувда чўмилиш мумкин, уни олтин ювгани ишлатишади. Лекин ичиб бўлмайди, чунки ҳаддан ташқари шўр. Ичимлик суви елим идишларда олиб келинади. У иссиқда бир зумда илиб қолади, шунинг учун елим идишларни мато билан ўраб, устидан сув қуйиб, шамол эсаётган жойга қўйилади. Шунда сув бир зумда совийди — табиий кондиционер.
Конда ҳаммаси бўлиб ўн нафарча олтин изловчи ишлайди. Улар йил бўйи шу ерда —оилаларидан узоқда яшайди. Яқинларини кўргани 10–15 кунда бир бориб туришади. Турмушлари жуда камтарона. Устма-уст каравотларда ётишади.
Бу ерда алоҳида идишларда овқатланиш одат тусига кирмаган. Овқат катта лаганга сузилади. Бугун кечга қовурдоқ. Ҳамма бир дастурхон атрофида жам, ҳазил-ҳузул қилиб ўтиришибди. Кулги бу ерда ҳаётнинг ажралмас қисмидир. Олтин қазувчилар жуда ҳазилкаш бўлади. Юмор уларни кундалик ҳаётдаги якрангликдан қутқаради. Бу ерда ҳеч ким олтин ўғирламайди, ҳаммаси ишончли одамлар. Хонада бир пиёла олтин туриши мумкин, бироқ ҳеч ким ундан бир дона ҳам олмайди. Олтин қазиб олувчилар бир нарсага ишонади:
Агар ҳамкорлар бизнес юритишда шартномага амал қилса, олтинда ҳам барака бўлади, — дейди Ойбек. — Мабодо, кимдир уни бузса, фириб ишлатса, олтиннинг ҳам баракаси учади. Қазиб олинаётган металл ҳажми тушиб кетади. Олтин ростгўйлик ва тартибни севади. Шундай дейишади...
Аксар қазилма конларидаги муаммо шундаки, на ўзаро, на давлат билан тузиладиган шартномаларга амал қилмайдиган олтин қазувчилар бор. Қонунга кўра, қонуний олтин қазиб олувчилар топилган барча олтинларни ОКМК ва НКМК сотишлари шарт. Президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги ПҚ-4030-сонли фармонида қуйидагилар таъкидланган: «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Навоий кон металлургия комбинати» давлат корхонасига мамлакат ҳудудларида 2019 йилнинг 1 мартига қадар ихтисослашган қабул кассаларини очиш тавсия этилсин ва қўлда қазиб олиш йўли билан қазиб олинадиган қимматбаҳо металларни сотиб олишнинг шаффоф механизми яратилсин».
Лекин амалда кўплаб олтин қазиб олувчилар олтиннинг бир қисминигина давлатга топшириб, қолганини қора бозорда сотади. Нима учун? Биз турли конлардаги кўплаб олтин қазиб олувчилар билан суҳбатлашдик. Улар орасида шундай гап юради: юқорида келтирилган қабул кассаларида олтин сотиб олинаётганда тарозидан уриб қолишади. Агар олтин қазиб олувчи 100 грамм олтин топширса, унга бу ерда бор-йўғи 80 грамм экан, дейиши мумкин. Сен эса ҳеч қандай эътироз билдиролмайсан. Натижада, олтин қазиб олувчи зарар кўради ва у олтинларини қора бозордаги заргарга сотиб, тўлақонли фойдага ишлайди. Носоғлом муҳит пайдо бўлди...
Изоҳ (0)